Shahnoza Eshmirzayeva

 

Страна : Узбекистан 

Интересуюсь литературой. Мои стихи и рассказы публикуются в газетах и журналах страны и за рубежом под псевдонимом Алия (а 

также Алия Темурийзода). Победительница нескольких республиканских конкурсов, трижды финалистка Книжного Форума (в разных категориях.) Автор книг «Oq qushlar qo’shig’i» («Лебединая песня», 2015), «Osmon bir dunyo» («Возвышенный мир», 2015), «Qalbimdagi samo» («Небо в моем сердце», 2018) и «Maktub» («Письмо», 2018). Готовится к изданию следующая книга — сборник произведений «Muhabbat qissalari» («Истории любви»). Обладательница значка «Знак Узбекистана» (2017).

 

 

 

Country : Uzbekistan

I’m interested in literature. My poems and stories are published in newspapers and journals of the country and abroad under the pen-name Aliya (as well as Aliya Temuriyzoda). Winner of several republican competitions, three times finalist of the Book Forum (in different categories.) The author of the books «Oq qushlar qo’shig’i» («Swan Song», 2015), «Osmon bir dunyo» («The Sublime World», 2015), «Qalbimdagi samo» («Heaven in my Heart», 2018) and « Maktub» («Letter», 2018). The following book is being prepared for publication — a collection of novels «Muhabbat qissalari» («Stories of Love»). The owner of the badge «Badge of Uzbekistan» (2017).

 


Роман Казимирский
Хато рўёси

Ҳозирги кунда монархия ўтмиш сарқити бўлган, деб айтиш урфга кирган. Якка
ҳокимликнинг даври ўтди ва шунга ўхшаш гаплар. Албатта шундай, бошқа нима ҳам
қилиш мумкин? Ҳеч кимда биз уни шунчаки четлаб ўтганимизни тан олиш истаги йўқ.
Ахир, австрияликларнинг ярми қалбан монархист, деб бўлмайди, қолганлар учун эса бу
умуман аҳамиятсиз нарса. Одатдагидек, охирги вариантга мансуб оломон, Франц даврида
ҳам, Карл даврида ҳам судралиб келган қатлам — ҳатто, республика тузуми кириб келганда
ҳам, уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таъсирини ўтказмаган, аксинча, уддабуррон ва сурбет
одамлар учун эса ҳар қандай тузумнинг ўзига яраша имкониятлари топилиши ҳақиқат.
Умуман олганда, на мен ва оиламдан бирор киши ушбу доира вакили эмасмиз. Бизнинг
оиламиз учун императорнинг тахтдан четлатилишидан ёмонроқ қора кун бўлиши мумкин
эмасди, назаримизда. Бироқ, биз янглишибмиз — йигирма йил ҳам ўтиб улгурмасдан, биз
яна шундай аҳволга тушиб қолдик. Мен бу ҳақда отамдан эшитгандим, ва ишончим
комилки, бир кун келиб мен ҳам ўғлимга барчасини ҳикоя қилиб бераман. Умид
қиламанки, у бунга бефарқ қарамайди.
Менинг исмим Жулиан. Мен қадимий зодагонлар сулоласи бўлмиш Кински оиласи
вакилиман. Сулолам номи узоқ йиллар давомида нуфузини сақлаб келаётган оилалардан,
сўнгги пайтлардан ташқари, албатта. Ҳозирги кунда содир бўлаётган воқеаларни аслзода
қатлам вакилларини қатағон қилишга уринишдан бошқа нарса, деб атай олмайман.
Айниқса, бу ҳолат сочлари мойланган шопмўйлов масхарабоз ҳукмронлик саҳнасига
чиққанида яққол сезилиб қолди. Австро-Венгрия тахтидаги сўнгги ҳақиқий раҳнамо
Дольфус эди, ундан кейинги раҳбарлар фақат унга тақлид қилишарди холос. Аммо, улар
ҳаракат қилишди, бу ерда бўрттиришга зарурат йўқ. Ўшанда атиги тўққиз ёшда эдим,
лекин отам қанчалар ғазабланганини жуда яхши эслайман. У уйимиздаги меҳмонхонада у
ёқдан-бу ёққа югурар, шунақанги жаҳли чиққан эдики, қўлидаги рўзномаларни чайқатар,
ундан қоғоз бўлаклари учиб кетиб, доира ҳосил қилганча паркет полга тушар, қўлларини
муштлаб, юқорига кўтарар ва кимгадир дўқ қилаётгандек бўларди. Ойижоним эса фақат
кўзларини катта-катта очиб турар ва тез-тез нафас оларди. У ҳеч қачон сиёсатни чуқур
тушунмаган ва бу масалада ҳамиша отамнинг фикрига суяниб келарди.
— Ўғлим! — бақирди отам рўпарамда тўхтаб, — Менинг сўзларимни унутма: биз бугун
ўз мамлакатимизни покерда ҳам эмас, арзимаган қарта ўйинида бой бердик! Йўқ, биз,
албатта, бир-икки йил аросатда, нима қиларимизни билмай, ҳар томонга югурамиз. Балки,
бирон беш йилларгача курашишга кучимиз етар, аммо эртами-кечми барибир шу ярамасга
бўйсунишимизга тўғри келади! Барча эркаклар унга қарши исён кўтаришлари керак! Сен
ҳам қўлингга қурол олишга тайёрмисан, ўғлим?
— Курт, сен яна нима деяпсан? — ожизгина норозилик билдирди ойим. — Ахир биз
келишиб олгандик-ку, унинг номини тилга олмасликка…
— Овозингни ўчир! — отам қаттиққўл эди ва оиламизда ўз фикрини ягона тўғри қарор
деб ҳисобларди. — Эркаклар уруш ҳақида гаплашаётганда, аёллар овоз бериш ҳуқуқига эга
эмаслар!
Ойим яна чуқур нафас олиб, итоаткорона равишда кўзларини ерга қадади. Ўз
вақтида ойимни отамга турмушга чиқишга нима мажбур қилганини тушуна олмайман.
Муҳаббат эмас — бу аниқ. Қизиқ, ҳаммаси аввалгидек қолганида, менинг ҳаётим қандай
давом этган бўларди? Эҳтимол, менга ҳам болалар туғиб берадиган ва оқшомлари
ҳокимият тепасида ўтирган одамларда одамгарчилик йўқолиб бораётгани ҳақидаги
нолишларимни жимгина тинглаб ўтирадиган бирорта итоаткор келин топиб беришарди.
Аммо, бу энди муҳим эмас. Бизнинг мамлакатимиз, отам башорат қилгани каби, яна тўрт
йил «бардош берди» ва ахийри, унинг таъбирича, «нацистлар Германиясига тиз чўкди.»
Мен содир бўлган фожеанинг асл кўламини англаб етадиган ёшда эмасдим, шу боис,
ўттиз саккизинчи йилнинг эрта баҳорида қизиқишдан оғзимни очганча Гитлернинг она

шаҳримга тантанавор тарзда кириб келишини кузатиб турардим. Ҳа, у пайтлар Вена ўзига
ўхшар, ва маҳаллий аҳолининг кўпчилиги тез кунларда шаҳар таниб бўлмас даражада
ўзгариб кетишини хаёлига ҳам келтирмасди. Аммо, бу кейинроқ содир бўлди, дастлабки
вақтлар ҳеч қайсимиз у ёки бу томонга бирор бурилиш бўлганини сезмадик: маҳсулотлар
ўз расталарида сотилаверди, болалар ўша эски ўйинларини ўйнашар, ишчи қатлам
илгаригидек тўлиқ иш кунида меҳнат қилиб, оила боқишда давом этишарди. Шундай
қилиб, ҳатто сулоламиз тарихида юз берган ушбу фожеадан сўнг ҳам бизнинг доимий
турмуш тарзимизга ҳеч нима хавф солмаётганига ишончимиз комил эди.
Отам вафот этди. Бу айнан «Бирлашув тўғрисида» қонун эълон қилинган, ва ўз
навбатида, бизнинг мамлакатимиз номи Остмарк деб ўзгартирилган куннинг эртасига
содир бўлди. Ўшанда мен қўлидаги финжондаги қаҳвани ойимнинг кўйлагига тўкиб
юборганча, кўксини чангаллаб, ўзининг севимли газеталари устига йиқилган отамни нима
бунчалар ҳайратга солганини тушунмаган эдим. Ойим бирдан ўзини четга тортиб,
кўйлагида қаҳвадан қолган доғни сочиқ билан яхшилаб артиб олишга киришди, шундан
сўнггина стол устида ётган ва ўзи томонга қийшайиб қолган эрига назар ташлади.
Дафн маросими ўтказилди: биз узоқ муддат ҳамдардлик тилакларини қабул қилдик,
бундай эътиборга ўрганмаган ойим, бизга таъзия изҳор қилиб, отамнинг вафотидан
нақадар қафғуга чўмгани, афсусдалиги ва ҳоказо каби андозавий сўзларни айтгувчи ҳар
бир янги келган меҳмоннинг ҳузурига қалқондек туриб беришга мажбур қилди. Мотам
муҳлати ўтганидан сўнг тушундикки, оила бошлиғининг вафоти оиламизга деярли таъсир
кўрсатмагандек эди. Албатта, оиламизнинг ҳар бир аъзоси истаган вақтида истаган ишини
қилаётганини ҳисобга олмаганда. Шундай қилиб, жон жигари тўғрисида бу гапни айтиш
яхши иш бўлмаса-да, биз отамнинг вафотидан сўнг қандайдир енгиллик ҳис қилганимиз
рост. Умуман олганда, уруш бошлангунга қадар биз тўқчиликда ва эртанги кунга ҳеч
қандай режаларсиз яшаб келардик. Бизнинг томонларга уруш, дастлаб, хушмуомала
почтачи қиёфасида кириб келди — оҳиста эшикни қоқиб, ҳурмат билан бош кийимини
кўтариб-тушириб қўйди ва табассум билан энди ҳаётимиз бирозгина ўзгаришини маълум
қилди. Биз маълумот учун миннатдорлик билдириб, ҳар биримиз ўз ишимизда давом
этдик. Бироқ, «почтачи» ташрифи кундан-кун кўпайиб борди, ҳар сафар бу ташриф
муддати узайгандан-узайди, хат ва телеграммалар қатъийлашиб борди. Охир-оқибат у
барчамизнинг уйларимизга кўчиб ўтиб, ундаги энг ҳурматли меҳмонларга аталган тўрдаги
ўринни эгаллаб олди. Атрофимизда одамлар бир-бир ғойиб бўла бошлади. Ўз ҳаёти билан
яшаб юрган одам — ҳеч қачон бу оламда бўлмагандек, бирдан йўқ бўлиб қоларди.
Қўшнилар орасида бу барчаси гестапонинг иши, деган гап юрарди. Бироқ, ўз ҳаракатлари
юзасидан ҳеч кимга ҳисоб беришни лозим топмайдиган Учинчи рейхнинг махфий
полицияси бу гал содир бўлаётган ишларда иштироки йўқлиги ҳақида расмий баёнот
берди. Шунга қарамай, бу вазият ҳолатини ҳеч қанақасига ўзгартира олмади — одамлар
ғойиб бўлишда давом этди. На уларнинг ёши ва на жамиятдаги мавқеи қандайдир сиёсий
асос ҳақида гапиришга имкон бермасди. Атиги бир йил ичида элликдан ортиқ одам ғойиб
бўлди ва булар — фақат мен билган одамлар орасидан. Улар сафида менинг синфдошларим
ва қўшниларим, шунингдек, мен исмини билмайдиган одамлар ҳам бор эди: узоқ
йиллардан буён бизга янги маҳсулотлар келтирувчи сутчи, газета сотувчи болакай, шаҳар
марказидан унча узоқ бўлмаган қурилмалар дўкончаси сотувчиси… Тўғри, сотувчининг
тақдири аён — у яҳудий эди, уни миллати сабаб ҳибсга олишди. Тан олиб айтишим керак,
мен унга жуда ачиндим, у ҳамиша менга яхши муносабатда бўлар, табассум билан салом-
алик қилар ва ойимнинг ҳол-аҳволини сўрарди.
Вақт ўтгани сари мен ва оғайниларим бу даҳшатга ҳам кўникдик, шу даражада
кўникдикки, махфий равишда энди кимнинг навбати эканига пул тика бошладик: Бюннер
хоним, шаҳар яқинида яшовчи кампир энг кўп овоз олаётган бўлса-да, гўё унинг тақдири
ҳеч кимни қизиқтирмаётгандек эди. Худонинг берган куни бу ялмоғиз чапланиб олиб,
ғазаб билан димоғида бир нималарни ғўлдираганча тошкўприкдан шаҳар марказига, ундан
эса жанубга — Зиммеринг томонга шитоб билан равона бўлишини кузатиб борардик.

Биз кўп марта у билан гаплашиб кўришга уриндик, аммо у бизнинг саволларимизга
жавоб бериш тугул, саломимизга алик олишни ҳам лозим топмади. Охири, бу машғулот
жонимизга тегди ва биз бу ишни йиғиштириб қўйдик — мен ва дўстларимнинг хаёлига
кимдир талофат кўрганларни хўрлаяпти, деган фикр келди. Ҳа, мен ўзимни Венанинг
олтин ёшлари сафида ҳисоблашим мумкин, айтганларидек, бунга ҳаққим бор.
Эҳтимол, мен германия қўшини сафини тўлдиришимга тўғри келган бўларди, бироқ,
тақдир бошқача ҳукм чиқарди. Умуман олганда, мен айнан нима содир бўлганини тўлиқ
тушуниб етолганим йўқ. Тақдирим ўзгарган ўша кун менинг хаёлимда узуқ-юлуқ
хотиралар қолдириб кетган холос. Ёдимда, уларга ташланган ойимни қўполлик билан
итқитиб ташлаган полициячилар менинг қўлларимни қайириб, қаёққадир судраб кета
бошлашди. Барчаси шунчалик кутилмаганда содир бўлдики, қаршилик кўрсатиш хаёлимга
ҳам келмади. Аслида, ўйлаб кўрилса, ўша пайтларда ўн етти ёшда бўлган мишиқи бола
бир неча эркакка бас келиши мумкин бўлмаган ҳол эмасми? Мен томондан кўрсатилган
ҳар қандай қаршилик, энг яхши натижа бўлган ҳолатда ҳам, ёриқлар ва жароҳатланишга
айланиши турган гап. Аммо, ойим бошқа фикрда бўлган кўринади. У бир ўзи улар билан
қандай олишди! Тақдир эзиб ташлаган бир аёлда шундай куч борлигини ким ўйлабди
дейсиз? Мени ойналари панжараланган қора машинага олиб кетгунларига қадар охирги
кўрганим шу бўлдики, уч эркак (қийинчилик билан!) ойимни ушлаб туришга уринишарди.
Буёғи — гоҳ-гоҳ тушиб қоладиган ёруғлик билан ўрин алмашиб қоладиган зулмат, кўриниб
қолаётган ёруғлик нурлари ичида сакраб ўтаётган эркаг-у аёлларнинг менинг ўрнимда гўё
бирор ноёб экзотик ҳайвонни олиб кетишаётгандек юз ифодалари… Улардан бири менга
шу қадар қатъият билан қараб турардики, унга боқиб, аввал ҳам қаердадир кўргандек
ҳиссиёт пайдо бўлди менда.
Мен ўзим ҳибсхона камераси деб ўйлаган тор ва ғира-шира ёритилган бир хонада
кўзимни очдим, ҳар қандай ҳолатдаям, камерани ўзимча шундай тасаввур қилардим.
Бироқ, атрофга аланглаб, хато қилганимни тушундим. Мен касалхонада, беморлар
палатасида эдим. Бунга нафақат ётоқ чойшаблари, балки, устимдаги кийим — мен ўзимда
бўлмаган пайт эгнимга кийдирилган пахтаматоли ноаниқ тусдаги жирканч пижама ҳам
далил бўлиб турарди. Қўлим билан бошимни силаб кўриб, тушундимки, сочларимни
қириб олишга ҳам улгуришибди — эҳтимолки, бир неча кун беҳуш бўлган пайтимда
ўсишга улгурган толалар мени кирпига ўхшатиб қўйган эди. Бугун қанақа кун, қайси сана
экани ва мен нега бу ерда эканим ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим, шу боисдан
бор кучим билан темир эшикни муштлай бошладим. Бир неча дақиқа давомида мен
томонимдан кўтарилган шовқин, ниҳоят, мени ҳибсга олган «зиндонбоши»ларнинг
диққатини жалб қилди шекилли, мен хонам қулфининг очилаётгани овозини эшитдим. Бу
ташрифдан нима умид қилишни билмай, мен хона ичкарироғига тисарилдим ва агар лозим
бўлса, ўз ҳаётим учун курашишга тайёргарлик кўра бошладим. Бироқ, бунга зарурат
туғилмади. Эшик очилиб, қаршимда қовоғи уйилган, кўриниши кишида қўрқинч
уйғотадиган икки нафар санитар ҳамроҳлигида қора сочли хушқад эркак пайдо бўлди.
Келгувчи кўзойнак таққан ва оқ халатда эди. У ўзини жуда хушмуомала кўрсатди — мен
билан суҳбатга киришишдан аввал мулойимлик билан жилмайди ва ёрдамчиларига
кирмасликни ишора қилди. Улар атрофга аланглаб олишди, бироқ, раҳбарият буйруғини
бажармасликка журъат қилишмади.
— Хайрли кун! — меҳмон илк сониялардаёқ суҳбатдошни ўзига тортиб, ишини
енгиллатишга ёрдам берувчи ўктам овоз соҳиби эди. — Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?
— Хм… Салом… Қандайдир…
Мен ҳамиша менга бирор ёмонлик қилган бўлса-да, барибир ўзини ҳақоратомуз
даражада хушмуомала тутадиган одамлар қаршисида ўзимни йўқотиб қўярдим. Шунга
қарамай, юзага келган вазиятга кўра, мен талабчан оҳангда гапиришга ҳақли эдим,
айниқса, ростдан ҳам ҳеч қанақанги жиноий ишга аралашган эмасдим.

— Марҳамат қилиб, қандай сабабга кўра менга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари
амалга оширилганини тушунтириб беришга уриниб кўрсангиз! Сизга ҳурматли сулола
вакили эканимни эслатиб қўйишимга мажбур қилманг!
Мен шу қадар ўзимни йўқотган эдимки, негадир ўзим тоқат қилолмайдиган руҳоний
тилда сўзлаётгандим.
— Мен ижтимоий келиб чиқишингиз билан яхши танишман, герр Кински, — доктор
яна табассум қилди ва узр сўраган каби қўлларини икки томонга ёйди. — Бахтга қарши, сиз
ҳақингизда олган кўрсатмаларимни иккиёқлама мазмунда таҳлил қилиб бўлмайди. Мен
сизни ўз шифохонамга ётқизишга мажбур бўлдим. Аммо, мен сизнинг эътирозингизни
ўрганиб чиқаман, ва, агарда хатога йўл қўйилгани маълум бўлса, сизга ўша ондаёқ
узримизни келтириб, еткизилган маънавий зарарни ундирган ҳолда касалхонадан чиқишга
рухсат бериб юборамиз.
— Кўрсатмалар? — барча бўлаётган воқеалар менга тез фурсатларда якунига етадиган
бирор бемаънилик, аҳмоқгарчиликдек туюла бошлади. — Қанақа кўрсатмалар? Кимнинг
кўрсатмалари? Ва, умуман олганда, мени нимада айблашяпти?
— Бу иш тафсилотлари билан таништириш менинг ваколатим доирасидан ташқарида,
— халатдаги эркак ушбу мавзуда ортиқ гаплашмоқчи эмаслигини намойиш қилгандек,
бошини сарак-сарак қилди.

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (31 оценок, среднее: 5,00 из 5)
Загрузка...