Kendja Navoiy

Страна :  Узбекистан

Моя цель в жизни — познать себя


Country :   Uzbekistan

My purpose in lie — know yourself


Отрывок из эссе «Қалб даъвати «

   

Инсонлар хоҳ шимолда, хоҳ жанубда яшасинлар, хоҳ юнон, хоҳ ўзга юртлик бўлсинлар, ягона Худога сиғинадилар. Инсонлар Яратувчини турлича номлар билан атасалар-да, бутун оламга ёлғиз Худо ҳокимлик қилади. Ҳамма  ерда  айни бир  Куч ҳукмрондир.

    Плутарх, юнонлик файласуф (46-127 йиллар)

       Кўзингни оч, ғафлатдан қоч, одамзот!  Жаҳолат ботқоғига ботиб қолма! Ўз-ўзингга душманлик қилма!  Ўзингни англа, қалбингни тингла! Ўзлигингни топ!  Кўзларингни очиб, олға қараб чоп! Олдинга интил, йиқилсанг ҳам олдинга йиқил, талпин, ҳаракат қил, Яратганни бил, болалик чоғларингни, беғубор онларингни ёдингга  олгин. Илк қадам босганда сен қандай эдинг, ҳаётдан қанчалик завқланар эдинг, юришга қанчалик талпинар эдинг…

      Энди нима бўлди оёқларингга? Нечун қадам босишни хоҳламайсан сен? Нечун ғафлат ичра қолиб кетгансан?  Нечун ёруғликка сен  интилмайсан?  Кўзларинг бор-у, кўра олмайсан, қулоқларинг бор, эшитолмайсан. Бор вужудинг ила тинглай олмайсан. Ўзинг борсан-у, аммо йўқдайсан, аслинг кимлигини билмайсан. Қорнинг тўқдир сенинг, аммо қалбинг очлигини англай олмайсан. Сабаби, инсонлигинг унутгансан сен, хатоларинг  тан ололмайсан. Беайб Парвардигор, бандалари гуноҳкор эканлигин наҳот билмайсан? Хатоинг тан олсанг, Оллоҳ кечирур, тавба қилсанг гар, гуноҳларинг ўчирур. Нечун ёлғиз Зотдан сен сўрамайсан? Тилакларинг ижобат этур, ёлғиз Ўзи сени гуноҳлардан фориғ этур. Ўзинг юволмайсан гуноҳларингни. Сабаби, гуноҳинг қанчалигин билолмайсан. Билмаган нарсангни қандай англайсан, қалбинг ёпиқ бўлса, қандай тинглайсан? Сен тинглай олмайин хароб бўлгансан, сабаби, Оллоҳдан  алоқангни узиб  қўйгансан. Алоқангни тикла Яратган билан, гуноҳингни ювгин садақанг билан. Садақа — яхши сўз, эзгулик демак. Хайр-эҳсон қилгин, яхшилик қилгин. Меҳр бергин, меҳрли бўлгин, Фақат меҳр ювар гуноҳнинг барин.  Аввало ўз-ўзингга ҳисобот бергин, ҳисоботни эса чин дилдан қилгин. Ёлғонни қўшмайин, тўғрисини ёз. Ҳисобот ҳақ сўздан ёзилса гар, соз. Акс ҳолда, ёзганларинг ҳисобга ўтмас, ёлғон қўшилса гар, ҳисобот эмас. Оллоҳ ҳузурида қабул бўлмайди, гуноҳларинг эса кечирилмайди.

     Бу оғир юк билан юрарсан кунда, ҳолингга маймунлар йиғлайди шунда. Уларга  қўшилиб ўзинг йиғлайсан. Аммо йиғлашни ҳам эплай олмайсан. Кўз ёшларинг кўзингдан чиқса, бу  ҳақиқий  кўз ёш эмасдир. Кўз ёшларинг қалбингдан чиқса, буни асло йиғлаш демасдир. Қалбдан чиққан ёшларинг дардинг ювар, сенинг нолаларингни Яратган қабул қилар. Беҳудага оқизмагин  кўздан ёшингни. Доим ҳалоллаб  егин, инсон, топган ошингни. Ҳаром есанг, бир умр сен йиғлайсан, кўз ёшларинг беҳудага тўккайсан. Кўз ёшларинг беҳудага кетмасин, улар сенинг гуноҳларинг юволсин. Барча гуноҳ сўз туфайли бўлади. Ёмон сўздан инсон қалби ўлади.

      Тилдандир барча  бало.  Эҳтиёт қилсанг уни, ишларинг бўлгай аъло. Шошилмагин, эй инсон, ўйлаб сўйла сўзингни, ўзгаларнинг ўрнига қўйиб кўргин ўзингни.  Ахир, Оллоҳ сабрли, сени асло шоширмас, сенга бўлган меҳрини Оллоҳ асло яширмас. Сенга барча неъматин, ахир, ошкора берган. Сени барча-барчадан Яратган устун қилган. Сени азиз айлаган, халифа қилиб сайлаган. Наҳотки, шундай Зотнинг қадрини сен билмайсан? Яхшиликларига нечун сен жавоб  қайтармайсан? Нечун Унинг шаънига мақтов сўзлар айтмайсан? Нечун Буюк Зотга сен шукроналар қилмайсан? Эй инсон, нечун дилни тил билан бир тутмайсан? Нечун Яратган Зотга сен иймон келтирмайсан?..

      Сабаби, қалбинг кўрдир, қалбингни занг босгандир. Ўша зангни тозалаш вақти бугун келгандир. Бугун ишга киришгин, бор кучинг-ла тиришгин. Бугунни қўлдан бермай, бугунги ишни эртага қўймай, қалб зангидан қутулгин, қалбинг Оллоҳга очгин!

    Эй инсон, ўзингга боқ! Ҳеч ўз-ўзингга савол берганмисан? Қандай пайдо бўлганинг ҳақида  ҳеч фикр юритганмисан? Мана шу туришинг, мана шу юришинг ҳақида бир бор бўлса ҳам ўйлаб кўрганмисан?  Қандай Куч сени бошқариб туриши ҳақида  ҳеч қизиққанмисан?  Ёки сен ўзинг шундай, куч-қувватга тўлган ҳолда осмондан тушганмисан?!  Яратилмаганмисан?! Сени яратмаганми?!  Яратган кимлигини билмайсанми? Ер юзига  хўжайинман деб ўйлайсанми?! Абадий яшайсанми?!  Яратган ҳузурига қайтмайсанми?!

     Мана шу саволларга тўғри жавоб тополсанг, қалб билан ҳис қиласан, ўзлигингни биласан, Оллоҳга қалбинг очасан. Олаётган нафасинг, босаётган қадаминг – синовлигини, бу дунёга   меҳмонлигингни, Оллоҳ қудрати ила юрганингни англайсан. Ўзлигингни англаб йиғлайсан.Сени йўқдан бор этган Оллоҳга шукроналар айтасан. Борлиқдан йўқлик сари кетасан, яъни ўзингни бир зарра, бир нуқта деб биласан, ожиз бандалигингни тан оласан, кибру ҳаво қилмайсан, манманликка берилмайсан. Виждон амрини  қиласан, яъни ички Қонунга бўйсунасан.

      Бу Қонун барчасидан устунлигини биласан. Ҳеч  қачон  Унга  қарши бормайсан, бора олмайсан. Мана шу ҳолат  ўзлигингни англаш, ўз қалбингга йўл очиш бўлади. Ана шунда дунёга ҳайрат кўзи ила  боқасан, вазифанг нималигини англаб етасан, умрингни беҳудага сарфламайсан, эзгуликлар қилгани шошасан, ҳаёт қадрига етиб ўз ўрнингни топасан.

                        Ҳаёт мисоли эртак, аввали охири бордир.

                        Ҳаётни севганларга Оллоҳнинг Ўзи ёрдир.

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (5 оценок, среднее: 3,00 из 5)

Загрузка...