Kendja Navoiy

Страна : Узбекистан

Люблю читать книги, люблю путешествовать

Country : Uzbekistan

Отрывок из эссе “Қалб даъвати

        

“Қалб даъвати” туркумидан эсселар                                   

                                                  

                                                 Қалб нидоси

 

 Гуноҳнинг ҳеч чек-чегараси йўқ, Аллоҳ, сен бандасига раҳм

                                                                    қилмасанг, ундан қутулишнинг ҳам сира имкони йўқ.

                                                               (Алишер Навоий)

      Эй Оллоҳим, Ўзингга шукр, менга берган Сўзингга шукр. Изнинг ила  пайдо бўлганман, қудратинг-ла яшаб юраман. 

      Эй Оллоҳим, Ўзинг мадад бер, вужудимга  Ўзинг қувват бер! Синовингдан ўтолмам сенсиз, 

Ўзинг қўлла, Оллоҳим, ҳаргиз. Ахир, Сенсиз ололмам нафас, таним бўлур Руҳимга қафас. Ўзинг Мени қутқар зиндондан, Ўзинг озод этгин кишандан. Эй Оллоҳим, Руҳим озод эт, Ўзинг менинг кўнглимни шод эт. Фақат Сенга берайин уни, фақат кутгум энди мен Сени.  Ўзга учун қалбда жой йўқдир, Нуринг ила бу кўнглим тўқдир. Мени ташлаб кетмагин, Оллоҳ, кўнглим ғашлаб кетмагин, Илоҳ.  Сен бергансан барча неъматни, ўзимдаги бор омонатни. Эй Оллоҳим, кечиргин мени ,бу дунё деб унутдим Сени. Сени унутиш, бу- ўзни унутиш. Мен ўзни унутибман. Бебаҳо бойлигимни — мен Сўзни унутибман. Илоҳий сўздир — Меҳр. Меҳр қилгувчи Сеҳр. Ўзимда экан бу Нур, 

Сўзим  экан-да — бу Дур. Қанчалик бойлигимни англаб етмаган эдим. Мен ўзим кимлигимни ўйлаб кўрмаган эдим. Ўйламайин яшабман, яшамабман, юрибман, бесамар умр суриб, мен фақат кун кўрибман. Мен Сени унутмайин,Эй Оллоҳим, бир умр! Унутишга қўймагин, доим мени чорлаб тур!

Ҳидоятга чорлагин Ўзинг! Иймон бўлиб порлагин Ўзинг! 

Эй Оллоҳим, қаттиқ адашдим, билиб-билмай Ўзингдан қочдим. Ўздан қочиб қайга борардим, қочганимни кеч англаб етдим. Барчасини кўриб турдинг Сен, сабр қилиб кутиб турдинг Сен, қучоғингга яна олдинг Сен. Бандасига раҳм айлайсан, Сен ҳеч қачон кек сақламайсан. Кечирасан қанча гуноҳни, топиб бўлурми, ахир, Сендек Илоҳни! Қочоқ банданг ёнингда, уни шафоат айла. Хизматингга яна ол, халифа қилиб сайла.

Кечир мени, Оллоҳим, кечир, гуноҳларим қалбимдан ўчир! Яна мени покиза қилгин, гўдак мисол беғубор қилгин, яраларим Ўзинг давола, малҳамингдан қалбимга бойла. Мен унутай барча ғамларни, ёдга олай ширин дамларни .

      Ўзимнинг кимлигимни яна эслатиб қўйгин, ғафлатдан ўзинг қутқар, уйқудан уйғотиб қўйгин. Энди ғафлат уйқуси кўзимни қопламасин, “Виждон” деган Ҳакамим қалбимда ухламасин. Энди огоҳ юраман, энди сергак тураман.

Сенсиз нафас олмасман. Сенсиз сўзлай олмасман. Кимлигимни англадим, ўзлигимдан тонмасман. Сенга яқин бўламан. Ўзингдан ўзгасига асло қуллик қилмасман.

Ўзингдан ўзгасига асло кўнглим бермасман. Бу кўнглим Сеникидир. Сен эса Меникидир. Ёлғиз Оллоҳим менинг, қалбдаги  Оҳим менинг, балолардан асрагувчи ёлғиз Паноҳим менинг.

Мен барчани севаман Ўзинг яратганинг-чун. Мен Ўзингни севаман мени яратганинг-чун.

  Сени севган инсонга мен ҳам кўнгил бераман. Сени билмаслар билан асло бирга бўлмасман. Мен улардан қочаман, Сенга яқинлашаман, ёнингга шошиламан. Эй Оллоҳим, ёнингга ол, мен билан қол. Ўзингга дўст айлагил. Сендан ўзга дўст керакмас. Сендек дўстим бўлса, бас. Сенга содиқ қоламан,  вафодоринг бўламан. Ҳақ йўлида юраман, фақат Ҳақни айтаман. Ҳалоллик-шиоримдир, Виждон — номус-оримдир. Унга қарши бормайман, Унинг амрин қиламан. 

     Эй Оллоҳим, энди мен қалбга қулоқ соламан, насиҳатинг оламан. Йўлингдан адаштирма, ҳидоятингга чорла. Ўзинг ҳаёт йўлимда йўлчи юлдуз бўлиб порла. Йўлимни чароғон қил, ҳаётим фаровон қил, кўнгил деган боғимга Ўзинг моҳир боғбон бўл. Боғимни яшнат Ўзинг, кўнглимни яйрат Ўзинг. Барчаси Ўзингдандир. Ихтиёрим Сендадир. Ўзинг ягона вакил, Ўзинг барчага кафил. Куч-қудрат Аллоҳдандир.

                    

                                                   Мўъжиза

Қуёшнинг чиқиши ҳақиқий мўъжизадир. 

(Августин Аврелий)

    Мен бу дунёга келиб, шуни англаб етдимки, инсон ҳеч қачон ўз орзусидан воз кечмаслиги керак экан. Орзу амалга ошиши учун эса ҳар бир инсон энг аввало умид билан яшаши, тинимсиз ҳаракат қилиши, билим ўрганиши лозим. Билим ҳаракатдадир. Демак, инсон ҳар доим олдинга интилиб, ҳаракат қилиши керак, худди гўдак ёшига тўлгач, қадам босиб юришга ҳаракат қилганидек, олдинга талпинганидек. Бежизга “Интилганга толе ёр”, “Ҳаракатда баракот” дейишмайди. Бу дунёда ўлимдан бошқа нарсанинг  иложи бор, дейишади. Демак, инсон тирик эканми, бу дунёда ҳар доим мўъжиза кутиб, мўъжизага ишониб яшаши керак. Француз ёзувчиси Дени Дидро “Мўъжиза унга ишонган жойда рўй беради, қанча кўп  ишонишса, шунча кўп мўъжиза рўй беради”, дея бежизга ёзмаганди.

   Аслида атрофимиздаги барча нарсалар, бизни ўраб турган бу олам – табиат мўъжиза эмасми? 

  Бошимиз узра мусаффо Осмон, ундаги Қуёш, Ой-юлдузларнинг ҳаракати мўъжиза эмасми?  

  Биз нафас олаётган тоза ҳаво, ичаётган сувимиз, оёқ босиб турган Еримиз мўъжиза эмасми? 

 

   Энг аввало ўзимиз ҳам, яъни инсон Яратганнинг энг буюк, азиз неъмати, мўъжизаси эмасми? 

   Нечун инсондан инсон яралиши – бу мўъжиза эканлигини тан олмаймиз? 

   Ким  бир томчи сувдан инсон ярата  олишга қодир?

  Бир томчи сувга руҳ солиб, танамизни яратиб, сўнг жон ато этиб, бу дунёга келтирган Буюк ва Қудратли зот Яратганнинг борлиги мўъжиза эмасми?

   Нечун Яратган  омонатини, яъни инсонни асрамаймиз?

              Нечун Она-табиатдан завқ олишни билмаймиз?            

   Нечун ўз қалбимизга қулоқ солмаймиз?

   Нечун бир-биримизга Аллоҳ ато этган  Нурни-Меҳрни қизғанамиз?

   Нечун осмон қадар кенг қилиб яратилган қалбимизни тор айлаймиз?

   Нечун қалбимиздан ўз эгасига — Яратганга жой бера олмаймиз? 

   Нечун биз АҚЛимизга қулоқ солиб, Тўғри йўлни танлолмаймиз?

   Нечун АҚЛни нафсга қул қиламиз? Нечун Оллоҳнинг эмас, банданинг қулига айланамиз? 

  Нечун Ўзлигимизни унутамиз? Нечун Оллоҳга шукрона айтишни ёддан чиқарамиз? 

   Нечун вақтимизни,яъни Оллоҳ ато этган умримизни бўлар-бўлмас, майда-чуйда арзимас    ишларга сарф этамиз?

      Сабаби- биз яшамаймиз, яшашни билмаймиз.

          Яшаш дегани нима?

Ўзида йўқ нарсалар учун куюнмайдиган, боридан қувонадиган инсон донодир. 

(Демокрит) 

    Яшаш – бу ҳаётнинг ҳар онидан завқ олишдир. Биз, одамлар, умр суриб кун кўрмоқдамиз, холос. Сабаби, завқланишни унутганмиз. Ўзимизда бор нарсаларга эътибор бермаймиз-у, йўғига куйинамиз.

Хўш, аввало ўзимизда бор нарса нима ўзи?

       Бу – ҳаёт, тирикликдир, яъни бу дунёда нафас олиб юриш имконимиз борлигидир. 

 Нафас қадрин фақат қисилганда, яъни ўпкамиз ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолга келганида биламиз.  Унгача биз ўша ўпканинг бору-йўғлигини сезмаймиз. Бурнимиз борлигини ҳам у битиб қолганида ҳис қиламиз. Хўш, нечун бундаймиз, яъни ўз-ўзимизни қийнаймиз, тана аъзоларига тинимсиз азоб берамиз? Нечун уларга (ўз тана аъзоларимизга) миннатдорчилик билдирмаймиз?

 Нечун уларга ўз меҳримизни бермаймиз? Нечун ўзимизни севмаймиз? Буларнинг барчасига жавоб биттадир – биз одамлар ўзимизни билмаймиз, ўзликни англамаймиз. Бир сўз билан айтганда, қалбга қулоқ солмаймиз?   Хўш, Қалбнинг ўзи нима?

                                        

                                                   Қалб –бу Ҳайрат

Ҳар бир одамнинг қалбига йўл топа бил. Одамларни   

бошқара билиш санъати ана шундадир.

(Бальтасар Грасиан)

         Қалбни  кўнгил дейдилар. Қалбни  юрак деб ҳам аташади баъзида.

    (яъни қалбимга оғир ботди, юрагим оғриди,деймиз.)

 Юрак – бу инсон танасидаги асосий аъзодир. У бутун танани ҳаёт билан таъминлашини ҳаммамиз яхши биламиз. Юракнинг уришдан тўхташи – бу ўлим демакдир, ҳаёт билан видолашишдир. 

   Ҳар инсоннинг юраги унинг мушти каби бўлади, дейишади. Ўша муштумдек юрак ўзидан юз баробар ортиқ танани қандай қилиб бошқариб туриши, яъни соддароқ айтсак, ўзида кўтариб юриши – бу мўъжиза эмасми, ахир?! Бу ҳайратланишга арзирли воқеа, ҳодиса эмасми, аслида?! 

Биз, одамлар ҳақиқий ҳайрат нималигини унутиб қўйганмиз, назаримда. 

Хўш, сиз бунга нима дейсиз?

Сиз ўз-ўзингиздан ҳайратлана оласизми? Яъни ҳаётнинг ҳар бир онидан завқланишни биласизми? Ҳақ берган ҳаёт аталмиш омонатнинг қадрига етиб, уни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб юрасизми? 

Агар юқоридаги саволларга ҳеч қийналмасдан “Ҳа”, дея жавоб берсангиз,

 демак, сиз яшаяпсиз, табриклайман ютуғингиз билан. Ахир, ҳаётнинг ўзи биз учун энг катта ютуқ, омад, бахтдир. Сиз эса уни қўлга киритибсиз. Демак, сиз бутун оламга: “Мен ҳаётни севаман!”,

“Мен яшаяпман!”дея баралла айта оласиз, ўз бахтингизни ўзгалар билан бўлиша оласиз. Яъни, энди сиз бошқаларни ҳам ҳаётни севишга, ундан завқ олишга ундайсиз.

 Сиз бутун инсониятни эзгуликка даъват этгувчи жарчига айланасиз. 

Сизнинг овозингиз бутун дунё бўйлаб  баралла жаранглагай. Мана буни ҳайрат дейдилар! Мана буни яшаш дейдилар!

                                   Яша, яшна,  одамзот! 

                                   Сенга ёрдир Буюк Зот!

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (Пока оценок нет)

Загрузка…