Интересуюсь литературой. Мои стихи и рассказы публикуются в газетах и журналах страны и за рубежом под псевдонимом Алия (а также Алия Темурийзода). Победительница нескольких республиканских конкурсов, трижды финалистка Книжного Форума (в разных категориях.) Автор книг «Oq qushlar qo’shig’i» («Лебединая песня», 2015), «Osmon bir dunyo» («Возвышенный мир», 2015), «Qalbimdagi samo» («Небо в моем сердце», 2018) и «Maktub» («Письмо», 2018). Готовится к изданию следующая книга – сборник произведений «Muhabbat qissalari» («Истории любви»). Обладательница значка «Знак Узбекистана» (2017).
Country : Uzbekistan
I’m interested in literature. My poems and stories are published in newspapers and journals of the country and abroad under the pen-name Aliya (as well as Aliya Temuriyzoda). Winner of several republican competitions, three times finalist of the Book Forum (in different categories.) The author of the books «Oq qushlar qo’shig’i» («Swan Song», 2015), «Osmon bir dunyo» («The Sublime World», 2015), «Qalbimdagi samo» («Heaven in my Heart», 2018) and « Maktub» («Letter», 2018). The following book is being prepared for publication – a collection of novels «Muhabbat qissalari» («Stories of Love»). The owner of the badge «Badge of Uzbekistan» (2017).
Ҳаёт зарралари
«Қариқиз»нинг баҳонаси
— Нимасига ноз қиласиз, опа, тенгим чиқди, деб, дўппингизни осмонга отмайсизми? — деди еттинчи келин лабини буриб.
— Мен «тенг»имни топсам, Ёдгорни ким уйлантиради, ким уйли-жойли қилади, келинпошша?! — чорасизлигидан саволга савол билан жавоб қайтарди ўттиз олти ёшли «опа».
Алдов
— Бўлди, жим… жим бўлинг, илтимос… Сизни севмайман, Шаҳриёр, тушуняпсизми?.. Унутинг ўртамизда ўтган гап-сўзларни! Ҳа, мен унутолдим, сизни ҳеч қачон севмагандек… Ҳозир чиройли кийимларингизни кийинг-у, келиннинг уйига боринг… Йўқ, йиғлаётганим йўқ… Хайр, энди ўчирақолинг телефонни…
Узоқ йиғлаб ўтирдим. Сўнг, ўзимни қўлга олиб, юзимга табассум чиздим, боя отиб юборган телефонни қўлимга олдим. Рақам тердим. Жавоб берилгач, овозимга эркаланган тус бериб, сўз бошладим:
— Алло… Ассалому алайкум… Яхшимисиз? Эсламайсиз ҳам… Соғиндим… Бугунми? Ҳа, соат 12 ларда бўш вақтим бор… Бўпти, кўришгунча, Азизбек ака…
Шафқатсиз тақдир ва «электрон» севги
— Таклифномамни олдингизми?
— Ҳа, таксист ҳозиргина ташлаб кетди. Лекин, афсус, тўйингизга боролмайман. Сизга чексиз бахт тилаб қоламан!
— Нега келолмас экансиз? Ишончим комил, сиз тасаввур қилганимдан ҳам гўзалроқсиз, ҳамманинг кўзи сизда бўлади ҳали!
— Кечиринг, аммо, сизни илк марта тўйингизда кўришни истамайман. Ундан кўра, умрбод кўришмай яшаганимиз афзалроқ менга…
Тушунмовчилик
— Мен чарчадим тушунтираверишдан! Бас қилайлик ҳаммасини, тортишувга якун ясайлик… Кел, ҳаммасини бошидан бошлайлик!
— Тугатиб, яна бошидан бошлашнинг нима кераги бор?!
— Нимани?
— Жанжалларимизни-да, нимани бўларди?
Нўхат ва малика
Фермер опа йиғилаётган хирмонни кўриб, ғайратига ғайрат қўшилганча, тун бўйи қўл остидагилар билан баб-баравар меҳнат қилди. Тонгга яқин ҳосил уюмига суяниб, кўзи илинибди.
Соғинч
Сени ҳеч қачон кечирмайман! Ялиниб-ёлворсанг ҳам! Қачондир, барибир қайтиб келасан… Келсанг эди… Ҳаммасини унутардим… кечирардим… берган озорларингни, хиёнатингни…
Она
— Қизим, оила, турмуш, деган нарса ҳар биримизнинг бошимизда бор. Илтимос, қайнонанг нон бермай қўйсаям, яна бироз чидаб тур, Холидани сўраб келаётганлар «Опасининг турмуши омонат экан…» — деб, айниб кетишмасин…
— Шоҳиданинг тўйидан аввал ҳам шундай дегандингиз, ойи…
Тирикчилик ташвиши
Шунча одам қаердан чиқаркин-а? Тавба… Шулардан бирортаси юкимни кўтаришга ёрдамлашиб юбормасмикин? Қўли бўш бирорта одам кўринмайди..
Вақт
— Буважон, мана бу кўзойнак сизга! Энди оввора бўлиб, ёнимга чиқиб ўтирмайсиз, китоб-газеталарни бемалол ўқийверасиз. Вақт тежалади!
— Сендами, чироғим?..
Баҳор даракчиси
— Яна изимдан кузатиб келадиган бўлсангиз, акамга айтиб, таъзирингизни бераман! …Вой, яширининг, акам!..
Икки оғиз сўз
— Қачонгача шундай юрамиз ахир, наҳотки жонингизга тегмаган бўлса шунақа яшаш?! Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим-ку?
— Хотиним шубҳаланяпти…
Тинчлик
— Хайрли тун! Эртага дўкон айланамиз, кейин кинога тушамиз, ундан кейин болаларниям бир айлантириб келамиз. Бўптими?
Армон
Эркак қизнинг кўзёшларини кўрди. У ҳамон жуда гўзал эди…
Тун ва кун
Йигит ўта тарбияли, тартибли ва талабчан эди. Қиз эса бетгачопар, пала-партиш ва ўзбилармон эди. Улар узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришди.
Опа-сингиллар
«Синглимнинг бахтини боғлаяпман…» — ўйларди ҳаётда ўзига суянчиқ бўлишга мос номзодни топа олмаётган опа. «Опам тенгини топмагунча, мен бахтимни тополмайман…» — андиша қиларди одоб-у чиройи тилга тушган сингил навбатдаги совчиларни қайтараркан. Опанинг тўйи куни сингил муҳаббатидан айрилди, танлагани уни ўзгасига алмаштириб кетган эди. Сингил вақтдан ўпкаларди: у бахтни сингилдан олиб, опага ҳадя қилганди гўё…
Йўл
Аёл эрини таний олмасди: «Бизнинг тақдир йўлларимиз бошқа-бошқа экан!» Ажралишиб кетишди. Аёл тақдир деб билган ўша йўлдан кетди. Эри эса йўлида кесишган жинкўчага чалғиб кириб қолганини биларди. «У барибир адашганини билиб, ортига қайтиб келади. Менинг эса адаш кўчаларга киришга ҳаққим йўқ!» — дерди ишонч билан.
Сабрнинг мукофоти
Улар узоқ йиллар фарзанд кўришмади. «Худойим, майлига, қиз фарзанд берсанг ҳам, онасига дастёр бўлиб, кўнглини тўлдириб юрса бўлди…» — илтижо қиларди эр. «Худойим, ўтиниб сўрайман, бир ўғил фарзанд бер, отасининг қанотига кириб, камини тўлдириб юрсин…» — ёлвориб сўрарди аёл.
Улар ўн етти йил деганда фарзандли бўлишди. Бир ўғил, бир қиз. Эгизаклар.
Куч
Буванинг кампири ўтиб қолди. Куйди бува, сиқилиб-эзилди, ёлғизланиб қолди у. Вақт ўтгач, фарзандлари отага муносиб, иссиқ-совуғидан хабардор бўлувчи суянч излай бошлашди. Нариги маҳалладаги «номзод» буви эса, фарзандларининг «бир-бирингизга суянч бўлиб юрасизлар…» — деган сўзларига жавобан ҳеч қандай «суянч»га муҳтож эмаслигини айтганида, буванинг кўзларига ёш келди…
Икки ўт орасида
Аёл эри тунда алаҳсираб қизининг исмини айтиб чақиришига чидолмайди. Уни уйғотишга уйғотади-ю, сабабини айтишга сўз тополмайди. Эри ҳам индамайди. Сабабини жуда яхши билади.
Аёл кетолмайди. Қизи отасиз катта бўлишини истамайди. Ўшанда қизини эрининг армон бўлган севгилисининг исми билан аташга рози бўлган кунини лаънатлайди…
Ўқувчининг дарси
Ўқувчиларнинг навбатдаги бебошликлари сабаб, мажлисда ҳамкасблари олдида гап эшитиб, авзойи бузилиб чиққан ўқитувчи синфга кира солиб, ўқувчиларни уриша кетди:
— Сенларни дастингдан мажлисда тикка турмаган куним борми ўзи?! Қачонгача давом этади бу бебошлик?! Сенларни ота-онанг ўқишга жўнатяптими ё безорилик қилишгами?!
— Кечиринг, устоз, — болалар жўровозда узр сўрашди ўқитувчидан.
— Сенлар-ку, эрта бир кун мактабни битириб кетасанлар. Бу ерда гап эшитган, асаби бузилган мен қоламан! Ҳали бир кун кўчада кўриб қолсанг, бирортанг саломингни тузукроқ бермайсан-у!
— Устоз, салом берганимиз билан, барибир алик олмайсиз-ку, — сочлари икки ўрим қилиб ўрилган қизалоқ қўрқибгина гап бошлади.
— Бу гапни қаердан олдинг, зумраша? — «тутаб кетди» ўқитувчи.
— Ўтган куни Назира холамни қизи Анора опа сизга салом берганида алик олмадингиз-ку…
Ўқитувчи ўша қизни эслади. Анора — оғир шароитда катта бўлганига қарамай, олти йил уриниб ниҳоят талабалик бахтига эришган ўқувчиларидан бири эди. Ўша куни уни кўриб-кўрмасликка олиб кетганди. Айни дамда эса ўз ўқувчисининг кўзига қаролмас, ўзини оқлаш учун айтишга гап тополмай, бўғилиб кетаётганини ҳис қилиб турарди…
Қайнона — она, она…
Зулфия ўқишни битириб, уйга қайтганига кўп вақт бўлгани йўқ. Мутахассислиги бўйича ишга жойлашди, секин-аста қўли пул, номи обрў кўра бошлади. Уйда келинойисига рўзғор ишларида ҳам кўмак бериб келади. Шунга яраша, олий маълумотли бу қизнинг харидорлари ипга тизилган мунчоқдек турнақатор тизилишди. «Шўрлик» она, нима деса ҳам кўнмайдиган қизидан олган рад жавобни «дастурхончи»ларга «ўраб» беради.
Зулфия на бировда кўнгли борини айтади, на келганлардан бировини ёқтиради. Ҳар сафар ойисидан уни сўраб келгувчиларнинг таърифини эшитиб, асаблари таранглашади, баъзан ёнида ҳеч ким йўқдек, ойисининг гапини чала қолдириб, хонани тарк этади. Отаси ҳам ҳайрон. «Бирор ножоиз одамга кўнгил бергандирки, бизга айтишдан чўчиётгандир!» — деб ўйлади ва шахсан ўзи қизни қистовга олиб, ҳақиқатни билишга бел боғлади. Кечки овқат дастурхони бошида «кун тартибидаги масала муҳокамага қўйилди.»
— Мен ҳеч кимга кўнгил қўйганим йўқ, дада, — бошини қуйи солиб, жавоб берди Зулфия.
— Унда нега сўраб келганларнинг кимлигини билмай туриб ҳам рад этасан?!
— Ўқишда бўлиб, бошқа жойда яшаб юргандим. Уйга кам келардим, шунинг учун асл ҳаёт қанақа бўлишини билмаган эканман. Келинойимга қаранг — хўроз қичқирмасдан уйғонадилар, шаҳарда турсак ҳам, рўзғор хизматини қишлоқ аёлларидан зиёд бажарадилар. Акам ҳам хурсанд, бахтли. Лекин шунча фазилатларига қарамай, ойим ҳамиша қилдан қийиқ ахтарадилар, кимга рўпара бўлмасин, келинойимнинг ғийбати қилинади. Мен эрка ўсдим, рўзғорга келинойимчалик уқувли эмасман, наридан-бери курсларга қатнаб, у-бу пиширишни ўрганганимни айтмаса, тузукроқ пишириқ тайёрлашга ҳам ҳушим келмайди. Шунчалик пазанда, кўнгли очиқ, ширинсўз, дастёр келинойим қайнонасига ёқмаса, менинг тақдирим ҳақида ўзингиз ўйлаб кўраверинг…
Зулфиянинг жавоби ҳамманинг бошини эгди. Кечки овқат дастурхон бошида совиди.
«Сен буни тушунмайсан…»
Гарвардда ўқиб юрган кезларим, рус миллатига мансуб Людмила исмли қизни ёқтириб қолган эдим. У билан курсдош эдик, юридик соҳада таълим олардик. Курсдошларимизнинг ҳаммаси Людмила билан инглиз тилида гаплашар, фақат менгина унга рус тилида гапирардим. Унинг мен билан очилиб-сочилиб гаплашишини ўзимча муҳаббат деб ўйлардим. Чунки, бошқа курсдошларимиз билан менчалик яқин муносабатда эмасди.
— Людмила, нега менга сира кўнглингни очгинг келмайди? Ахир бир-биримизни севамиз, буни сир тутишдан нима фойда?
— Бу гапни қаердан олдинг? Мен севгига ишонмайман!
— Қўйсанг-чи! Бошқалар билан мендек яқин эмассан-ку!
— Бошқалар менга инглиз тилида гапиради. Сен буни тушунмайсан…
Ўйланиб қолдим. Нима, мен билан фақатгина рус тилини билганим учунгина яқин дўст бўлиб юрибдими? Ўзимни аҳмоқдек ҳис қилдим. Тонггача уйқум келмади, ундан нафратландим ҳатто. Кейин эса кечаги суҳбат давомида «чебурашка»га ўхшаб қолмаганимни кўрсатиб қўйиш учун мақтанчоқликка ўтдим:
— Бизнинг юртимиз барибир маданият, илм-у фан жиҳатидан олдинда. Масалан, шу АҚШликлар чет элда таълим олиш имкониятидан ҳадеб фойдаланаверишмайди. Бизда эса нафақат АҚШ университетлари, балки дунёнинг деярли барча ривожланган давлатларида таълим олиш имконияти бор…
— Бу имкониятлар бизда ҳам бор-ку!
— Лекин оз муддат ичида юртимиз эришган муваффақиятларга бошқа давлатлар асрлар давомида ҳам эришгани йўқ. Ўзинг ўйлаб кўр: сен ўз тилингдан ташқари фақат инглиз тилини биласан холос. Мен эса ўз тилимдан ташқари, рус, инглиз, француз, турк, араб, корейс, олмон, шунингдек, Ўрта Осиё давлатлари гаплашадиган барча тилларда бемалол гаплаша оламан. Юртимиз мустақиллиги бизга шундай имкониятларни яратиб берди…
— Бу жиҳатдан юртингизга ҳавасдаман, аммо сен ҳам ўйлаб кўришинг керак бўлган баъзи нарсалар борлигини билмаслигинг аниқ…
— Нима экан?
— Ватанинг сен учун шунча имкониятлар яратиб қўйибди, илм олишинг, тил ўрганишинг, юксалишинг учун ҳамма йўллар очиқ. Лекин сен бунга жавобан бирон нима қила олдингми? Муносиб фарзанд бўла олдингми?
У нишонни аниқ олганди. Эҳтимол, бу унинг учун шунчаки сўз ўйини бўлгандир. Аммо, «Бошқалар менга инглиз тилида гапиради. Сен буни тушунмайсан…» деган гапларини эслаб, ўйланиб қолардим. Балки, Ватан тушунчасини шу қизчалик ҳам англаб етолмагандирман, деб…