Aliya Temuriyzoda

Страна : Узбекистан

Интересуюсь литературой. Мои стихи и рассказы публикуются в газетах и журналах страны и за рубежом под псевдонимом Алия (а также Алия Темурийзода). Победительница нескольких республиканских конкурсов, трижды финалистка Книжного Форума (в разных категориях.) Автор книг «Oq qushlar qo’shig’i» («Лебединая песня», 2015), «Osmon bir dunyo» («Возвышенный мир», 2015), «Qalbimdagi samo» («Небо в моем сердце», 2018) и «Maktub» («Письмо», 2018). Готовится к изданию следующая книга – сборник произведений «Muhabbat qissalari» («Истории любви»). Обладательница значка «Знак Узбекистана» (2017).

Country : Uzbekistan

I’m interested in literature. My poems and stories are published in newspapers and journals of the country and abroad under the pen-name Aliya (as well as Aliya Temuriyzoda). Winner of several republican competitions, three times finalist of the Book Forum (in different categories.) The author of the books «Oq qushlar qo’shig’i» («Swan Song», 2015), «Osmon bir dunyo» («The Sublime World», 2015), «Qalbimdagi samo» («Heaven in my Heart», 2018) and « Maktub» («Letter», 2018). The following book is being prepared for publication – a collection of novels «Muhabbat qissalari» («Stories of Love»). The owner of the badge «Badge of Uzbekistan» (2017).


Сени яна бир кўрсам бас…

 

Заратуштра энди ҳеч нимани ортга қайтара олмаслигини англади. Ҳвовига уйланди ва йиллар ўтиши билан икки ўғил фарзанд кўрди. Энди у аёлни ҳеч қачон кўрмаслигига ишонди. Бир туш каби унутишга уринди уни.

Аҳурамазда Оташ-Аёлни четлаштирди. Заратуштранинг ҳимоясига Воҳу Манаҳ масъул бўлди. Оташ-Аёл олис-олислардан, соя бўлиб уни кузатиши мумкин эди холос. Ва, билардики, Заратуштра ҳам кўринганича бахтли эмас. Ҳануз одамларга ёрдам беради, яхшиликлар қилади, бироқ, кўзлари маҳзун. Демак, уни унутмаган. Унутолмаган…

«О, Аҳурамазда! У билан яна бир бор учрашишга изн бер!»

Иккисининг ҳам кўнглидан ўтаётган сўзлар шу эди.

Брата-урвахш Заратуштранинг ёнига борди.

— Токайгача андуҳ чекасан, наҳотки, сенга улуғ йўлни тақдир қилган Аҳурамазда бахт беришни истамаса?

— Сен уни танийсан. Менга дуч қилган ҳам аслида сенсан! Андуҳларимнинг боиси ҳам сенлигингни биламан!

— Мен сени маҳв этдим! Қалбингни умрбод бахт ҳиссидан маҳрум этдим! Бироқ, мен ҳам Оташ-Аёлни севаман, у сенсиз хароб бўлаётганини кўриб, дилим пора бўляпти…

У кетгач, Воҳу Манаҳ ҳозир бўлди. У Заратуштрани кузатарди. Заратуштрадаги Оташ-Аёлни кўриш истаги кўзларида намоён эди. Брата-урвахшнинг биргина найранги уч инсоннинг ҳаётини заҳарлаган эди.

Оташ-Аёл ҳам жисмонан, ҳам руҳан кучли, Аҳурамазда унга кўп ноёб қобилиятлар ҳадя қилган.

Заратуштра — Аҳурамазданинг элчиси бўлиш тақдирига ёзилган, инсониятни ўз ортидан эргаштира оладиган кучли ақл-идрок ва эзгу қалб соҳиби.

Бу ерда биргина айбсиз-айбдор, энг ожиз — Ҳвови, эрининг кўнглидан бехабар. Агар ўтган йиллар давомида бегона бир қалб ичида адашиб умр кечириб келаётганини билса, қай аҳволга тушаркин?

Брата-урвахшга айнан шу керак!

Заратуштранинг Оташ-Аёл билан учрашуви, Аҳурамаздага хиёнат қилиб, гуноҳга ботиши, ва оқибатда, унинг элчиси мақомидан маҳрум бўлиши!

Аҳурамазда барча инсонларни имтиҳон қилишда давом этарди. Ҳаммани кўриб турарди. У Заратуштрага Оташ-Аёл билан учрашишга изн берди. Бир мартага.

Қуёшнинг хира нурлари кўкариб улгурмаган новдалар шохларида олмосдек товланиб турган қорпарчаларида аксланади. Кўкламга бир қадам қолган…

Заратуштра қорли тоғ этагига отланди. У бу учрашув ҳақида Ҳвови билишини истамасди. У Оташ-Аёлни бир кўрса бас эди. Шунчаки, кўрса бас…

У келди. Ўша қизил либосда, изғирин шамол сочларини учирганча, Заратуштрага боқиб турарди. Бу не мўъжиза? Бу не ҳол? Ўша кўзлар, ўша қарашлар, ўша кўзёшлар… Оташ-Аёл турган жойда қорлар эриб, сув бўлиб оқар, аёлнинг кўзларидан томаётган кўзёшлар унга қўшилиб кетарди.

Заратуштранинг кўнгли хотиржам тортди. Аҳурамазда унга сўраганини берди. Энди хотиржам узлатга кетиши мумкин. Унга пайғамбарлик хабари келган, бунинг учун зарурий илмларни ўрганиши, узоқ йиллар давомида ибодат билан машғул бўлиши керак эди. Заратуштра бунга тайёр, оиласини ҳам шунга тайёрлаб келаётганди.

Брата-урвахш пайт пойлади. Ва мақсадига эришди ҳам: Ҳвовини Заратуштранинг изидан эргаштириб келди. Ҳвови кўрди — ортига қайрилган Заратуштранинг кўзларида хотиржамлик, шукроналик ифодаси акс этарди! Бу нақадар оғир! Хиёнатдан ҳам ёмон!..

Заратуштра ҳам Ҳвовини кўрди. Брата-урвахшни ҳам кўрди.

— Мен уни иккинчи бор кўриб турибман. У — сенга уйланишимга сабабчи бўлган аёл. У — онамни узоқ йиллар ҳифзи-ҳимоясида сақлаб келган аёл. Аҳурамазда номини шафеъ келтириб онт ичишим мумкинки, унга ғайри кўз билан қараган эмасман!

Ҳвови ҳеч нима демади.

Хамаспатмаэда (Наврўз) байрами куни Заратуштра отасидан дуо олиб, олис йўлга чиқадиган бўлди. Ҳвови икки ўғлини қучоғига олиб, Рангуштара билан уни кузатиб борадиган бўлишди. Анча йўлгача жим кетдилар. Сўнг, Заратуштра икки ўғлини қучоғига олиб, Ҳвовини эҳтиёт қилишни қаттиқ тайинлади. Айрилиқ они етган эди.

— Ҳвови, ясна ўтказишим учун мени Вахви Даити сувигача кузатиб келганинг учун раҳмат! Бу ерда сув тўрт томонга ажралиб кетади. Мен энди дарёнинг энг чуқур ерини топишим керак.

У биринчи ўзанга тушди — тўпиғидан бироз баландроқ келди.

Иккинчиси — тиззасини намлади.

Учинчиси қорнигача келди.

Тўртинчи ўзанга тушди — бўйнигача сувга кўмилди. Қўлидаги биллур идишни сувга тўлдириб, қирғоққа чиқди. Унинг оппоқ ридоси ва Кошти белбоғи умуман хўл бўлмаган эди.

— Ҳвови, нима бўлганда ҳам, менинг ҳаётимдаги ягона аёл — сен бўлиб қоласан. Ҳар сафар қалбингга шубҳа ўрлаганда мана шу биллур идиш ичидаги муқаддас сувга боқ. Мен кетяпман!

 

Илк қадам

 

Заратуштра уларнинг ортга қайтиб кетишини томоша қилиб, бироз туриб қолди. Сўнг сув оралаб, тўртинчи ўзан томон юрди.

Ҳвови ортига ўгирилиб қаради. Ҳайратдан кўзлари катта-катта очилиб кетди. Сўнг, Рангуштара қаради. Заратуштра Оташ-Аёл билан кетиб борарди…

Бу, албатта, Брата-урвахшнинг найранги эди, дейиш мумкин. Бироқ, Оташ-Аёл ҳам туйғусига енгилди — фитнага бош қўшди. У Ҳвови ҳамда Рангуштаранинг кўз ўнгида саробни гавдалантирганда, Заратуштра Воҳу Манаҳ билан илк бор мулоқотга киришган лаҳзалар кечаётган эди.

Заратуштра ясна ибодатини ўтказиш учун Вахви Даитига тушган эди. Унинг қаршисида улкан, алпқоматли, дарё суви каби шаффоф танали қария пайдо бўлди. Унинг юзидан нур ёғилар, узун соч-соқоли шабадада чайқалиб турарди. Унинг қўлида икки биллур идиш бор бўлиб, бирига сув тўлдирилган, сувнинг тиниқлигидан унинг ичидаги балиқчалар ҳам кўриниб турарди. Иккинчи идиш ичидан гулхан тиллари кўкка интилар, тутун кўринмасди.

Заратуштра икки қўлини кўксига босиб, қарияга эҳтиром изҳор қилди. Қария унга яқин келиб, савол берди:

— Кимсан? Кимнинг авлодисан?

— Мен Заратуштра Спитама, Порушаспанинг ўғлиман!

— О, Заратуштра Спитама! Нимадан қайғудасан? Нималар учун бунчалар тиришиб-тирмашиб ҳаракат қиляпсан? Нималар ҳақида орзу қиласан?

— Мен, одамзод ичида поклик, солиҳлик йўқолиб бораётганидан чуқур қайғудаман. Бутун инсоният орасида пок эътиқодни қайта тиклаш йўлида ҳаракат қилмоқдаман. Ва Аҳурамазда менга кўрсата олганича адолатини бутун ер-у кўкда ўрнатиш ҳақида орзу қиламан!

— Солиҳлик, пок эътиқод мавжуддир. Ва у уни яратганга тегишлидир!

— Мен уларнинг борлигига шубҳа қилмайман. Аммо, улар мавжуд бўлган дунё қаерда ва қандай намоён бўлади?

— Мен билан юр! Сени яратган, мени яратган Муқаддас Руҳ ҳузурига олиб бораман!  Лекин сен бунинг учун ўн йиллик риёзатни адо этишинг лозим!

— Яратганлари шу қадар гўзал бўлса, Яратувчиси ҳам шу қадар бенуқсондир!

Заратуштра Воҳу Манаҳ бошлаб борган ғорга кирди.

— Риёзатни адо этолсанг, Семурғ сенга хушхабарни еткизгани келади!

Воҳу Манаҳ шундай деб, кўздан ғойиб бўлди. Заратуштра ғорга илк қадамини қўйди. Айни лаҳзада ўз исмини эшитиб, иккинчи қадамни ташлашга журъат этолмади: умрида илк бор эшитиб тургани бу овоз бошқа бировники бўлиши мумкин эмасди!

— Заратуштра!

У ортига ўгирилди.

— Мен туйғуга таслим бўлдим! Аҳурамазданинг қаҳрига учрадим! Энди мени ҳар ким кўра олиши мумкин… Сен ҳам мени севасан,  кел, бу ерлардан бош олиб кетамиз!

— Мен Ҳвовини севаман.

— Алдаяпсан! Ахир у ёққа мени излаб бормадингми? Тушингга ҳам кирмаган етти ёт бегона аёлни қандай жуфти ҳалол ўрнида ортингдан эргаштириб кела оласан?

— У менга икки фарзандни ҳадя этди.

— Мен неча бор Дугхдованинг ҳаётини сақлаб қолдим, сени ҳам неча бор эҳтиёт қилдим. Фақат бу ҳақда сенга билдира олмасдим…

— Аҳурамазда шундай бўлишини истаган. Менинг унга бўлган севгим сенга бўлган севгимдан улканроқ! У менга Ҳвовини тақдир қилди. Мен унга бош эгаман!

— Бахтлимисан? Мени севмайсанми?

— Севаман.

— Унда нега мендан юз ўгиряпсан?

— Мен зиммамдаги буюк вазифани бажаришим лозим. Агар мени чиндан севсанг, бу мақсадни амалга оширишимда ёрдам бер! Худди, бир пайтлар онамни, мени ҳимоя қилганинг каби!

— Яхши! Мен розиман!

Заратуштра ибодат учун узлат ғорига кириб кетди. Ундан ёрқин нур тараларди.

У «кетгач,» Аҳурамазда Оташ-Аёлга яна бир имкон берди. У, гарчи, ҳимоячилик вазифасини қайта зиммасига олмаган бўлса-да, яна истаган одамига кўринмаслик хоссасига эга бўлди. У эркинликка чиқди.

«Заратуштра мени севади. Агар уни кутсам, у албатта Ҳвовини ташлаб, менинг ёнимга келади!»

«О, Аҳурамазда! Заратуштрани менга тақдир қилдинг! Унга сенинг иноятинг ила икки фарзанд ҳадя этдим. Ўтинаман, ўлим етмай, мени ундан айирма!»

Вақт елдек еларди.

Ҳвови ҳар гал Заратуштрадан хабар олгани келганида, ўша кўргани каби қизил либос кийиб, юзига ҳарир парда тортган аёлга дуч келар, қўлидан бирор иш келмаслигини англаб, ортига қайтиб кетарди. Заратуштра ташқаридаги томошадан бехабар, бутун борлиғи билан ибодатга берилган эди. Охири Ҳвови келмай қўйди. У бетобланиб, ётиб қолган эди. Унга «Бу барчаси афсунгарнинг найранги!» — деб айтадиган Оташ-Аёл йўқ эди! Оташ-Аёл ҳам кутарди. Фақат жуда олисларда, вақт кўзасининг ичига қамалиб олганча, сония санарди.

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (16 оценок, среднее: 4,31 из 5)

Загрузка...