Xosiyat Rustamova

Страна: Узбекистан 

Рустамова Хосият Исломалиевна 1971 йили Наманган вилояти, Чуст тумани Олмос қишлоғида туғилганман. 1993 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг Журналистика факультетини тугатганман. 2003 йил ЎзМУ Ўзбек филологияси қошидаги Олий Адабиёт курсида таҳсил олганман.
Ҳозирда “Китоб дунёси” газетасининг Бош муҳаррири.
1997 йилда “Истеъдод” рукни остида “Осмондаги уй” китобим нашр этилган (Ғафур ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти).
2003 йилда “Маънавият” нашриётида “Нажот”;
2004 йил “Янги аср авлоди” нашриётида “Ридо”;
2006 йил “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйида “Девор”;
2008 йили “Янги аср авлоди” нашриётида “Август”;
2011 йили “Академнашр” нашриётида “Ишғол; .
2011 йилда “Академнашр” нашриётида “40:0” китобларим чоп этилди.
Қатор шеърларим ҳамда шеърий китобларим жаҳоннинг рус, озарбойжон, тожик, инглиз, немис, швед, голланд ва яна кўплаб тилларига таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилган.
Шеъриятдан ташқари ёзувчи, драматург сифатида ҳам бир қанча ҳикоялар, пьесалар, киносценарийлар ёзганман.
2015 йилда “Осмонга сиғмаган қуш” номли пьесам юртимиздаги муҳташам театрлардан бири бўлган Муқумий номидаги мусиқали драма театрида Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов режиссёрлигида саҳналаштирилди.
2016 йили менинг “Гилам” ҳикоям асосида “Ажал жодуси” номли киносценарий ёзди ва режиссёр Ҳилол Насимов томонидан “Ажал жодуси” номли бадиий фильм яратилди.
2004 йилда ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан, 2016 йилда “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил” эсталик нишони билан тақдирланганман.

Country: Uzbekistan 


 

“Тирикликка мактуб”

АВГУСТ

Жуда узоқлаб кетдим. Кўринмайди қирғоқ, қум,

Чайқалиб бораяпман йўлимдан чиқар деб ким?

Сизнинг кўзларингизга эгаси ҳам номаълум –

Денгизда оқиб кетган кемага ўхшаб кетдим.

ҲАЁЛ

Сенга ишонч қолмаганми ё,

Ёки бугун камроқми ишим?

Ўйламайман, дейману аммо –

Бошда сўнги куннинг ташвиши.

Қандай тарқалади бу ҳабар,

Ўлим тирилтирарми юртни?

Гўристонга ким олиб борар –

Менинг мурдам ётган тобутни?

***

Шамоллари елар августнинг,

Кечалари нам тортар тупроқ,

Жоним, юпун эмасми устинг –

Ёдга солиб қорнинг таъмини.

Эслаб қолганмикан қўлларинг,

Ўтган йилги қўлқопларини.

***

Эй,Сен Ватан каби улуғвор Ер-Кўк,

Юксак-юксакларга кўтар номингни.

Лек, халқнинг кийишга ботинкаси йўқ –

Тушга туша бошлади титроқ.

Совуқлари келар августнинг,

Илтимос, ёғдирма ёмғирларингни!

Булутлар бирлашар,

Чарсиллар чақин,

Оловнинг ичида

Қолади ёмғир.

Шу бугун кўчага чиқибди халқим –

Бугун мустақиллик байрами ахир!

Сенга ишонаман.

Сени севаман,

Раҳм қил.

Шундоқ ҳам кўнглим ўксиган.

Сўзимни қайтарма –

Бир кун бўлса ҳам –

Қуёшни юборгин халқнинг кўксига…

***

Милтиғингга жойладингми ўқ –

Бироқ, мен ўзимни отганман.

Пичоғингга жой қолгани йўқ,

Бўғзимгача қарзга ботганман.

***

Қий-чув. Ким-кимни урди,

Юлдуз. Осмон. Уй бефарқ.

Бошга кўтарар тунни –

Арзон шароб ичган халқ.

Маст-аласт қайтар тўйдан,

Ким йиғлаган. Кимдир шод.

Ўлжасин пойлаб ётган –

Бўрига ўхшар ҳаёт.

***

Ҳавога чўзилдим…

Узала тушиб,

Қушлар ташлаб кетди

Бир чимдим нигоҳ.

Мени шу шамолга

Чиқиб туришим –

Икки қўлим билан

Чизилган сўроқ.

Осмонни силадим –

Қўлимни чўзиб,

Тирнадим чақалоқ

Каби беозор.

Юлдузлар кулишди

Устимдан чизиб –

Енгида ўчириб

Ташлади ҳилол.

***

Ҳар кунгидек эсиб шамол,

Ҳар кунгидек тонг отар.

Оёғига келмай мадор –

Ҳали чўпон чол ётар.

Сергак отлар

Ҳайрон ўтлар –

Қирни қиров босган, нам.

Буткул эсдан чиқиб кетар

Деразада ёнган шам.

Бугун беҳол сезар ўзин –

У ўзига енгилар.

Ёшланади икки кўзи,

Қолмади у тенгилар.

Чол отарга қарар бот-бот,

Кўнгли сезиб хатарни.

Қайга судраб борар ҳаёт –

Жилови йўқ отларни.

***

Беш йилми, ўн йил олдин,

Кўриб эски альбомни.

Суратин топиб олдим –

Уруш кўрган бобомни.

Кечагидек эсимда –

Ҳамма томон қор эди.

Эҳ, мен кўрган расмда,

Оёқ-қўли бор эди.

Ҳотира ўтар жондан,

Эсга тушса – чўкар дил.

Шу суратни бобомдан,

Яширганман неча йил.

Бобом ўтди. Суратни

Деворга осдим сўлғин.

От қилиб автоматни

Ўйнаб юради ўғлим.

***

Бир куни руҳим ҳам кўчар танамдан,

Балки қуёш чиқар. Қор ёғар қалин.

Жисмимни яшириб ўтган кетгандан,

Мени тупроқ билан ўрайди замин.

***

Олдимда ястанар йўллар беадоғ,

Тоғлардан ўтаман учқур отимда.

Шубҳасиз, бошимда қўллайди Аллоҳ

Ва яна кимдир бор менинг ортимда.

***

Булутлар қоплаб олди ноябрь осмонини,

Қорамтир далаларда ғўзапоялар боғ-боғ.

Зилдай машиналарга ортиб кўч-кўронини,

Совуққина бағрига кўчириб келар қишлоқ.

Ногаҳон йўлдан чиқар бир бола қўшиқ айтиб,

Ирғишлаб кемалардай тулпор кўкка солар от.

Кузнинг сўнгги кунлари боғларда юрар дайдиб,

Ўзини хазон каби тупроққа отар ҳаёт.

***

Кўкни яна қоплади о, лаънати булутлар,

Этиклар қуримаган. Лой билчиллар.

Йўллар зах.

Тушларга кириб чиқар –

Қанча қуёшли юртлар –

Ён-атрофга эриниб кўзлар боқади бефарқ.

Чўзиламан ўринга –

Ишларга силтайман қўл,

Шеър ўқийман пичирлаб

Бетховен чалар куйни.

Менга ахир бир ҳил-ку,

Ёғаверсин ёмғир, дўл –

Эшикларни бекитиб

Қулфлаб қўяман уйни.

***

Одамдай тупроққа сингиб борар сув,

Гоҳида бахтиёр, гоҳида беҳол.

Гўё маст қилувчи ичимликдай у –

Менинг ҳаёлимни айлади ишғол.

***

Ой фалакда тўхтаб олар тин,

Юлдузлардан кўтарилар чанг.

Дарахтларни оралаб ҳорғин –

Фауст кўкка боқади ўйчан.

Мен дунёдан қарайман пастга,

Қўлларимдан тушиб кетар шеър.

Ҳассасига суяниб аста –

Кириб келар уйимга Данте.

***

Биз яшаган ерлар серунум,

Ҳар бир кимса қолмас бенасиб.

Кеча-кундуз билмасдан тиним –

Гўрков чарчаб кетар гўр қазиб.

Бу Ҳудонинг айтгани Тақдир,

Етаклашиб юрар кун ва тун.

Биз ҳамиша этамиз фахр –

Биз яшаган тупроқ серунум.

***

Нақшинкор дарвозанг очсайди қучоқ,

Деразанг очилиб қараб турсанг сен.

Мен чопар чақириб кезсам боғма-боғ

Ва сенинг кўчангдан ўтиб қолсам мен.

Мўъжиза рўй бериб қолса дафъатан,

Бирор сўз топмасам айтишга лойиқ.

Бизни ушлаб олса шу ҳолда Ватан,

Ва тошбўрон қилса халойиқ.

***

Ёзмаган кунларим тушар изимдан,

Мени исканжага олади шеърлар.

Сермаҳсул қабристон каби ортимда –

Дўппайиб турибди қанча қабрлар.

***

Ёз куйдириб юборди жонни,

Уйдан чиқма, олади иссиқ,

Тутиб кетди ҳамма томонни –

Юрагимнинг куйинди иси.

***

Кунлар узоқ менга

Узоқ йўл тун ҳам,

Мен жуда йироқман –

Қуёш ва ойдан.

Эслаб қололмайсиз

Айтганим билан –

Фақат муҳаббат бор

Мен турган жойда.

***

Сен кетгандай…

Беҳосдан

Ҳувиллаб қолди хонам,

Ҳозир бошқача эди…

Бирдан ўзгарди аҳвол.

Сен ахир ўзинг менга

Яқинсан ўзимдан ҳам –

Бармоқларимни сиқиб

Турган узугим мисол.

***

Юлдузларни ғажиб ташламоқчидек,

Ирғишлаб самога – қон қилар итлар.

Менга ойни отиб юбормоқчидек –

Туни билан мени осмон қўрқитар.

Яширин йўл билан сенга бораман,

Дарғазаб итларинг солади шовқин.

Тупроқнинг остига яширинаман –

Шунда ҳақиқатга келаман яқин.

***

Кўзимга тушмоқда нур –

Қаерда у,

Бегона тил каби ўқийман бўлиб.

Дунё бир томони чатнаган кўзгу,

Мен кулиб турибман

Ўзимни кўриб.

***

Қанча уринишлар кетар беҳуда,

Ҳадемай куз келар.

Ўтиб кетар ёз.

Учишга қанот йўқ.

Бошим устида –

Қушларнинг сояси этади парвоз.

Куз

Эй, тупроғи таланган юрт.

Ўчоқларга қаланган юрт

Бугун боғу роғлар хазон –

Баҳорларга алданган юрт.

Куз шамоли додлаб қўяр –

Қиш дарсини ёдлаб қўяр.

Ким истаса – бир ит каби

Чорбоғига боғлаб қўяр.

Ўз ёғида доғланган юрт,

Оёғидан боғланган юрт

Кўзларини ҳар ён тикиб,

Кетиш учун чоғланган юрт.

Аҳволимиз не бир тусда,

Сенга бунча яқин ғусса.

Ҳатто тупроқ қўрқиб кетар?

Бирор бир қуш пастлаб учса!

***

Қара, мен ўзимни турибман тутиб,

Оёғим узаниб турибди ерга.

Ёмғирни унутиб, қорни унутиб,

Қаердан келдим мен,

Бордим қаерга?!

Бундай туришимда бор қандай маъни,

Кетсам бўлади-ку –

Не турар ушлаб?

Ҳар куни шамоллар тепкилар мани,

Ҳар кун оёқости қилади қушлар.

***

Нигоҳимни ўғирлар шам

Ўчиришга қўлим бормас.

Мен бағрингдан қулаб кетсам –

Наҳот, соямга жой қолмас.

***

Бир зум исингани кирдим. Кетаман,

Кечиринг, бугун ҳам вақтим жуда зиқ.

Ёзмаган кунларим ҳаёт устимдан

Ножўя сўз каби тортади чизиқ.

***

Мен кўрмаган кунларни кўрсат,

Тунларингга олиб кир бир-бир.

Нетай, жоним, оз қолди фурсат –

Нетай, умрим оз қолди аҳир.

Чизиқлардан оғрийди кафтим,

Тақдир шунча ёзилганми жўн?

Менинг тугаб бормоқда вақтим –

Ҳаёт бергин ўлганимдан сўнг.

Мен кўрмаган кунларни кўрсат,

Ит кўрмаган кунларни эмас.

***

Яна қачон келаман?

Борми келишдан маъни –

Тебраниб бораяпман

Денгизда оққан сувдек.

Мен бу ёруғ оламга

Сочилиб кетсам қани,

Лўлининг чодири-ю,

Хитой ёзувларидек.

***

Ҳозирча кута тур

Беруҳ, бетаъма –

Жудаям ишим кўп

Боришим қийин.

Вақт топсам – Мен Сенга

Кириб бораман,

Албатта, бораман

Ҳаётдан кейин.

***

Кимларгадир дардисар бўлдим,

Келгандирман кимларга малол.

Еру осмон кесишган йўлнинг –

Ўртасида кездим беиқбол.

Ҳузур қилдим қушларни отиб,

Тузлаб қўйиб олдим қонини.

Олдим кимнинг онини тортиб –

Ва кимларнинг олдим жонини?

Кўтараман оғир танимни,

Ерман.

Осмон.

Ва яна кимман?

Додлаётган она заминнинг,

Очиқ қолган жароҳатиман.

***

Ё осмоннинг устида яша,

Ё яшагин остида ернинг.

Ўртасига тушиб ўтирма –

Ер ва осмоннинг.

***

Йўлга тушдим

Жуссам оғир.

Қўлларимда май,

Йўлларимдан чиқармикан

Бирор улфатим?!

Мен кимларга суянайин

Қаерга борай –

Бўлса қисматим қачонлардир ҳал қилинган.

***

Ҳар тун кунларингни ёяман ювиб,

Гуноҳкор бандадай эгилар симдор.

Ҳеч кимса кўрмасдан қолсайди қуриб,

Ҳеч кимса кўрмасдан кетсайди ғубор.

Ҳар куни кузатиб қўяман тонгга,

Мана оппоқ кўйлак, дазмолланган кун.

Азизим, ҳушёр бўл!

Кир тегди жонга –

Биласан, уйда ҳам қолмаган совун.

***

Ташияпман нимаки топсам,

Эрта-ю кеч тимдаланган кўй.

Кун эшакдай ағанаб ётса –

Ҳали-бери тўлмагайдир уй.

Тонгдан кунни йиға бошлайман,

Киритаман уйимга тунни.

Рўпарамга ойни жойлайман –

Менинг умрим шунча узунми?

Бўлди ҳамма нарса таппа-тахт,

Билмаяпман не қиларимни?

Аммо, йиғиб бўлмади ҳеч вақт –

Ойлар, кунлар ва йилларимни.

***

Ўлсам керак,

Қонталаш елкам,

Оғримоқда.

Илтимос, урманг.

Менинг айбим нима?

Менинг ҳам –

Юртим озод –

Мен эса қулман.

***

Осмонга оғир ботди 

Устозларнинг таълими.

Дарсдан келган заҳоти,

Унутди муаллимни.

Уни ҳеч ким туртмаган,

Кўк кўрмаган бу ҳолни.

Тун чиркин қўли билан –

Ўйнаб юрар ҳилолни.

***

Бу кунлар ҳам ўтар бир кун,

Ўтар бир кун бу кунлар ҳам.

Кўзларимда ёришмас тун,

Совиб қолар жонсиз танам.

Столимда қолар дафтар,

Шеърлар кўзёш тўкар – дардманд.

Ёлғиз танам жонсиз қайтар –

Ҳижолатманд.

Ҳижолатманд.

Узукларим тегар кимга,

Қўлим нафас олар нурдан.

Фақат унинг кўзларига

Жуда гўзал кўрин, мурдам.

***

Бир куни соғ, бир кун эса хастадирман,

Бир куни боғ, бир кун чўлу даштдадирман.

Мен Сизларни кўрмаяпман. Аммо ўзим –

Бир куни тоғ, бир кун ердан пастдадирман.

***

Гар елкангда бўлмаса юкинг,

Оғирлигинг тушмас оёққа.

Одамларга ишонмаса ким –

Суянади қўлтиқтаёққа.

***

Ҳозир портлаб кетади кўксим,

Нима бўлди сенга юрагим?!

Бу нима гап – наҳотки, одам

Қўрқадими ўз уйида ҳам?

Ёнгинангда Ватан бор – озод,

Атрофингда айланар ҳаёт.

Айт-чи, Сенга яна нима кам –

Бундай бахтни кўрмаган одам?!

Нега бунча урасан бетинч,

Қандай пайдо бўлди бу қўрқинч?

Чироқ йўқми?

Ахир бор-ку шам,

Қўрқма, қўрқма ўз уйингдасан.

***

Осмон – ўзимизга ўхшаган фақир.

Осмон –ўзимиздай сабрли маҳкум.

Акс ҳолда майдалаб ёғмасди ёмғир,

Акс ҳолда умримиз топмасди якун.

Ақлимиз жойида – тушунган халқмиз,

Кутиб ўтирмаймиз Тангри хатини.

Туғилмасдан аввал

Кўриб қўйганмиз –

Эрта кетмоқликнинг заруратини.

Осмон – ўзимизга ўхшаган фақир.

Осмон –ўзимиздай сабрли маҳкум.

Акс ҳолда майдалаб ёғмасди ёмғир,

Акс ҳолда умримиз топмасди якун.

***

Даврада Сўз мендан келади ғолиб,

Қийноққа тушаман –

Жоним қийналар.

Билмайман, қаерга бўлади ғойиб –

Адашиб кетади бари жумлалар.

Кўзларим жовдираб қолади – ожиз,

Сўз излаб юрагим ҳар томон бўзлар.

Нимадир демоққа жуфтласам оғиз,

Мени ҳақоратлай бошлайди сўзлар.

Бу ҳолат,

Бу ҳолат жудаям даҳшат,

Қандай тушунтирай,

Қандай гапирай?

Битта Сўз тополмай тураман қақшаб,

Болалари ташлаб кетган онадай.

***

О, наҳот жойидан қўзғалди учоқ,

Ҳудонинг бағрида бўламан энди.

Туғилган юртимдан кетяпман йироқ –

Юрагим ёрилиб кетмаса бўлди.

Сиғмайман ўзимга – юрак теппа-тенг,

Туманнинг ичига боряпман оқиб.

Марица, Сен ҳақда ўйлаяпман мен,

Немиснинг ҳар битта сўзига боқиб.

Қайда бор кўзимнинг ёшига ўлчам?

Гоҳида ҳузурбахш, гоҳ маҳзун хаёл.

Менинг кўз ёшимга қарайди ўйчан,

Ёнимда ўтирган қора тан аёл!

Ҳаётни алмашиб кияман танга,

Руҳим ҳаволанар болаларга ҳос.

Мен бир кун улғайиб қайтсам Ватанга,

Устимда эскириб кетмасми либос?!

***

Кўпайтириб қабр сонини –

Онам мени туғди кўкламда.

***

Яшайвериш мумкин безиё,

Қара, қандай бахтлиман бугун.

Менга қизиқ эмас бу Дунё –

Сенинг билан тўладир куним.

***

Марицага 

 Юлдуз ёғди кўкдан кечқурун, 

Ўлтирардим хонамда йиғлаб. 

Аламзада хабаш каби тун – 

Деразамни турди қўриқлаб. 

Шундай турмоқ ўзимга эпми, 

Инграганда юлдуз боғларда. 

Одамларни қўрқитай, дебми – 

Ой илиниб ётар шохларда. 

Оёғимни босаман секин, 

Қўлларимга шамчироқ олиб. 

Кетиб борар эди бир қўшним 

Чўнтагига юлдузни солиб.

2

Замин узра тўкилмоқда куз, 

Титрамоқда ой, юлдуз маҳзун. 

Балки бирга туғилмоқдамиз, 

Балки бирга яшаймиз ҳар кун. 

Бир қўлимда ўзим.

Бирида –

Сен яшашда этасан давом.

Мен соғинсам ўзбек тилида, 

Сен олмонча берасан салом.

***

Кўзга иссиқ кўринар тупроқ, 

Кўчаларга чиқар ит ҳуриб. 

Қушлар эса учар баландроқ – 

Дарахтларнинг устидан кулиб. 

Бошга жуда яқиндир фалак, 

Ҳаяжонга солар субҳидам.

Ер остидан чиқиб бойчечак – 

Кулар ўлимларнинг устидан.

***

Борасан ерга эниб, 

Елкангдан босади ғам. 

Қандай овутай сени – 

Касал туғилган болам. 

Сарғайдинг кўз ўнгимда! 

Менинг покиза наслим. 

Туғилгандан ўлимга – 

Нечун бўласан таслим? 

Чўкаяпман кун сайин, 

Болалаб борар «миш-миш», 

Бу куним хам камдайин, 

Дағ-дағасин бошлар қиш.

***

-Отанг қани? Чақирсанг-чи, очиб берсин эшикни,

Ҳов, болакай, варрагингни бир четга қўй, тезроқ бўл. 

Ер тап-тайёр. Уруғ берсин. Ишларим қолиб кетди, 

Отангга айт, экинини экиб бўлди ўнгу-сўл.

Бола эса шошилмайди.

Чопар шамолга қараб,

Қийқириб у дарахтларга кўз-кўз қилар варракни.

Ҳа деганда кеч кирмайди. Тонг отади эркалаб, 

Қучоғингга босгинг келар ухлаётган фалакни.

Эрта тонгда шудринг тушиб, ер озгина тортар нам, 

Ҳас-хашакни ёриб чиқиб ўт атрофга мўралар. 

Маъюсгина қараб қолар қўйларининг ортидан,

Сал овутсанг йиғлагудек пастаккина қўралар.

***

О, қанча ёлғонларнинг гувоҳи бўлган осмон,

Қаерга тўкаяпсан – қани бағрингдаги қон?

Сенга бир умр шундай яшамоқлик осонми – 

Золим булут дастидан, айт, Сен ҳам қўрқасанми? 

Мен ўзимда кичрайиб — йиғила бошлаяпман,

Ҳув, қачонлардан буён юраксиз яшаяпман.

Сувларинг заҳарланган, боғларинг-ку бир аҳвол,

Бу касалванд ҳолимга нега ахир бу шамол?

Жонни бир жойга қўйиб гар бир бошдан ўйласанг – 

Ҳар ён тарқаб кетган кун – ўлишга ҳам қўрқасан. 

Кўзингдан томчилайди марварид каби ёшлар, 

Жонингга тегиб кетар ит каби вовуллашлар.

***

О, уйимнинг олдидаги боғ, 

Мудом мағрур бўлиб ўсгин тик. 

Сен тугажак ҳар битта япроқ – 

Қисматига айлайди шерик.

Ҳар йил либос киясан янги, 

Юрагингда кўкаради ниш.

Афсус, кузак юлар мевангни, 

Илдизингга болта урар қиш.

***

Қолгани йўқ менда бошқа куч, 

Йўлларимни бўлмайди буриб. 

Қаерданам Сенга келдим дуч – 

Юрагимни оралаб юриб.

Бундай севги бўлар камдан-кам, 

Осмон. Кўча. Файзи кетган боғ. 

Насиб этса, Биздан кейин ҳам, 

Эслаб юрар дарахтлар узоқ.

***

Қаергадир учсаму 

Кетсам –

Бу аҳволда ёзолмайман шеьр. 

Мен ҳавога қоқилиб тушсам – 

Оёғимдан тутиб қолар ер.

Бир амаллаб ўтсам гоҳ тунни – 

Етмай қолар кундузга кучим.

Ер йиқитиб қўйса бир куни, 

Борми мени ушлаб қолгувчим?

***

Бармоғимда ҳиром этар тун,

Минг бор ўлиб-тириллар танам.

Тушунарли бўлишим учун –

Бақирворгим келар менинг ҳам.

***

Қолади фақат исмим,

Умрим қолар беэга.

Овқат бўлмаса жисмим –

Нега итлар ўч менга?

***

Учрашамиз 

Балки сўнгги гал,

Майли қолсин кейина шодлик.

Чиқишдикми ер билан сал-пал –

Ушланиб қолдик.

***

Ит борар – бўйнида узилган арқон, 

Паришон – қандайдир хаёлларга ғарқ. 

Ер чизиб боради юрак бағри қон – 

Безори йиллардан ўтади бефарқ.

Бир ёқда яқинлаб келаётир тун,

Бир ёқда довул қўл кўтариб қолар. 

Бу номсиз кучукнинг кўзидаги мунг – 

Ҳар қандай одамни ларзага солар. 

Нега у кўчага чиқди бемаврид,

Ё бирор кимсадан етдими зиён? 

Қаерга бормоқда мотамсаро ит – 

Шу митти жонида кўтариб исён.

***

Эртага учаман — Худо хоҳласа, 

Уйимга сим қоқмоқ шарт эмас бугун. 

Бу ерда кундузги 1. Роппа роса — 

Менинг Ватанимда эса ҳали тун.

Кун қизир.

Беҳолман қуёш тафтидан,

Ўт сочар фалакка осилган қандил. 

Эҳтимол, ўғлимнинг каравотидан 

Кўрпаси сирғалиб тушиб кетгандир. 

Менинг юрагимда музлайди жаҳон, 

Не совуқ кунларни ёдимга солиб.

Бу иссиқ шаҳарни қолдириб ҳайрон 

Мен яна дунёдан кетаман совиб.

***

Борардим арз-ҳол этиб 

Совуган қуёш янглиғ,

Қўйиб кетар кўзимга бир ўлаксахўр қуш ин. 

Қаро кийинган қисмат бўғзимда сўяр жонлиғ, 

Устма-уст ўликларга тупроқ тортади замин. 

Қанча қилмасин жаллод тирилмади мурдалар, 

Уввос солиб йиғлади совуқ қотган танимиз. 

Юракда заҳар сочиб, илон каби ўрмалар – 

Туғилган кунимизда кесилган тилларимиз. 

Суяйдиган дарахтнинг илдизи қолган чириб, 

Сарғайган баргларини кавшар қумурсқалар шод. 

Айта олсанг бир сўз айт – гўрингда адл туриб, 

Ўлдиргудай ўзини додлаб юборсин ҳаёт.

***

Йўлим оз қолдими?

Бўлдими тамом –

Юрсам — дарахтзорлар боқади сирли. 

Ҳаёт шу кунларда бермоқда дашном, 

Бори улушимни олдим шекилли.

Кун сайин юракка ботяпман оғир,

Кун сайин елкамдан босмоқда само. 

Ўзини минг куйга солмоқда тақдир 

Менинг ерда ётган шу жисмим аро.

***

Муаллақман.

Бетинч юрагим.

Тушиб кетсам – 

Кўтармайди кўк. 

Қўрқиб-қўрқиб 

Тебранаман жим – 

Оёғимни қўйишга 

Жой йўқ.

Осмон анча яқин,

Замин кенг,

Эртам келмай – 

Ўтар бугуним. 

Ҳаммадан кўп 

Тушунаман мен – 

Ойга қанча қийинлигини.

***

Ўттиз олти баҳор, 

Ўттиз олти ёз – 

Ўттиз олти куз ва 

Ўттиз олти қиш.

Бу саноқ бунча кўп, 

Умр бунча оз – 

Топганим – шеърият, 

Қолгани миш-миш.

***

Муҳаббат ичида кўринмай кетдим, 

Мени ичиб бўлди – 

Қўлингдаги май.

Ҳаёт! Сен изн бер – 

Ўтиб кетмай жим – 

Мен Сенинг қорнингда 

Туғилиб кўрай…

***

Киприкларинг бирлашар, 

Нигоҳинг тортар ширин. 

Сергак тортмоқда башар 

Қолмади менинг сирим. 

Гўзал-ку ҳамма томон, 

Қайта туғилдик бугун. 

Қийшайиб кетган осмон, 

Ой осилиб қолган тун.

***

Ҳаёт! Шу иссиқда қаердан келдинг, 

Бунча ҳолинг забун – 

Не гап оламда?

Дарахт бўлсам,

Бир оз чўзилармидинг – 

Қўрқиб кетмасмидинг 

Менинг соямдан?!

***

Ёки мавжудмикин бирор бир фанда, 

О, балки турмасам бўлар ўксиниб. 

Мени уялтириб ўтган-кетганга, 

Анорлар кўрсатар очиб кўксини. 

Қизиқиб шамол ҳам тўхтар жойида, 

Боладай эмаклаб чиқиб келар тонг. 

Шу куни занжирбанд анор қорнида – 

Нимадир дўппаяр ҳомиласимон.

***

Қайда бўлмай – Париждами, Хитойда, Римда –

О, қандайин ширин хаёл ўтар кўнглимдан: 

Мен ҳар куни чанг қоплаган оёғим билан,

Шу осмоннинг соясига босяпман қадам.

***

Ёмғир бўлиб ёғаяпман – бахтиёр еру осмон, 

Мен ҳаётнинг номидами. Ҳаёт менинг номимда? 

Қанотлари синган қушдай айланаман ҳар томон – 

Кўринмайсан нега бугун таржимаи ҳолимда?!

***

Бетобман.

Қонимнинг босими баланд,

Бош оғрир. Пойимга юрак чўккан тиз. 

Омон қоламанми – 

Фикри ўйим банд,

Қиляпман ўлимнинг титроғини ҳис. 

Бунда тун тугамас.

Ёришмас осмон,

Билиниб қолмоқда жисм эканим. 

Ўргимчак устимдан кулар беармон, 

Чирмаб олганида тўшакни таним.

***

Нима гап?

Уйингга қўяйми элтиб,

Норизо қадаминг қаерга бошлар? 

Ўзингни кўрсатсанг бечора этиб – 

Ялтираб кетади кўзингда ёшлар.

Айт, улар нимани қилишар байрам,

Бу қандай йиғидир?

Қандай бедодлик?

Менинг кунларимга келмоқда қайдан – 

Кўз ёшлар рангидан туғилган шодлик?!

***

Қуёш кетаётир кўк гумбазидан, 

Турибман кўзимга келтириб Сени. 

Ғира-шира замин баъзи-баъзида – 

Сенга ҳам эслатиб тургандир мени. 

Деразалар маъюс – хира нур сочган, 

Ҳолимни ўрганса эди бирор фан.

Нега мен ёрилай, дейман қувончдан – 

Нурсиз ва қуёшсиз қолганда Ватан.

***

Майли, макон этмайман тунни, 

Майли, зое кетсин бу куним. 

Қандай бўлса – шундай бугунни 

Сенга бағишлайман, севгилим. 

Тонгда қушлар уйғонар аранг, 

Мен ҳам қўлга олмайман қалам. 

Агар менинг ёнимда бўлсанг – 

Воз кечаман шеърларимдан ҳам… 

Майли, зое кетсин бу куним.

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (8 оценок, среднее: 3,75 из 5)

Загрузка...