Страна : Узбекистан
Люблю читать, путешествовать по священным местам. С 2015 года занимаюсь творчеством.
Country : Uzbekistan I love to read, travel to sacred places. Since 2015 I am engaged in creativity.
Инсониятни қутқармоқ керак
ёхуд ўрмон аҳлидан мактуб
(масал)
I
Ўзлигини англаган қуён
Ўрмонда бир қуённи овчи қувлабди.
Қуёнвой зўрға қочиб, сўнгра йиғлабди:
“Эй Аллоҳим! Нечун мени қуён қилиб яратдинг?
Барча жонзот ичинда қўрқоқ қилиб яратдинг?
Нечун бунча омадсизман, пойлар барча ҳайвонлар,
Гўштим учун тинч қўймас мени ҳатто одамлар.
Одамзодга маза-да, билган ишини қилар,
Бир куни балиқ тутса, бир куни қуён овлар.
Қани энди, Оллоҳим, мен ҳам одам бўлсайдим,
Бир лаҳзага бўлса ҳам ўз билганим қилсайдим.
Бу дунёда армоним қолмас эди ўшанда”,
Шундай хаёллар билан ухлаб қолди ўрмонда.
Тушида улкан қаср ичида турган эмиш.
Кўзгуга шундоқ боқса, овчи бўлиб қолганмиш.
Қувончининг чеки йўқ, роса ўйнаб кулармиш,
Одам эканлигидан Қуён хурсанд бўлармиш.
Аммо унинг қувончи узоққа чўзилмабди,
Шоҳ барча қуёнларни отишни буюрибди.
Аввалига Қуённинг боши қотиб қолибди,
Не қилишини билмай роса ўйга толибди.
Мукофотни эшитиб лек ўзидан тонибди.
Қуёнлигин унутиб , нафс ўтида ёнибди.
Милтиққа ўқни жойлаб, ўрмон сари кетибди.
Молу дунё дардида манзилига етибди.
Онасининг ёнида митти қуён ўйнарди,
Қўрқув нима билмайин шодлигидан қувнарди.
Она-бола қуённи отмоққа У шайланди,
Аммо ўшал дамда У ўзлигига айланди.
Қувноқ митти қуёнча ўтмишин ёдга солди,
Овчи бўлган Қуёнвой кўзларига ёш олди.
Қувноқ митти қуёнча Унга ўзин кўрсатди,
Онасидан айрилган мудҳиш кунни эслатди.
Овчи отган ўқидан онаси жон берганди,
Ўзини ўққа тутиб, ўғлин асраб қолганди.
Эслаб ўша ҳолатни Қуёнвой бир сесканди,
Бутун вужуди титраб, овчиликдан жирканди.
Одам бўлиб яшашни энди У истамасди,
Ўз наслини йўқ қилиб яшашни хоҳламасди.
Ахир, У Қуён эди, қуён бўлган онаси,
Қуён бўлиб яшайди туғилажак боласи.
Қандай қилиб ўзига ўқ отиш мумкин, ахир?
Қандай қилиб ўзини йўқотиш мумкин, ахир?
“Бу ахир – ғирт аҳмоқлик”, дер эди бизнинг Қуён,
Милтиғини яшириб, қаради у ён – бу ён.
Қуён қўрқиб уйғонди, хайриятки, туш экан.
Рўё эмаслигидан Қуён кўнгли хуш экан .
Энди бизнинг Қуёнвой ўзлигини билганди,
Ўзини тушда кўриб кимлигин англаганди.
Одам бўлиш фикридан энди у қайтган эди,
Ҳар доим Яратганга шукрини айтар эди :
“Яхшиямки, Қуёнман, Қуён бўлиб юрайин,
Қуён бўлганим учун қуён наслин асрайин”.
Ҳаттоки ҳайвонлар ҳам ўз наслини дер экан,
Нега энди одамзод бир-бирини ер экан?
Нега энди одамзод ўз наслини қиради?
Ҳаттоки ҳайвонлар ҳам ўз наслин қолдиради.
Нечун керак одамзодга бир-бирин ўлдиришлар?
Тинч яшаса бўлмасми, кимга керак урушлар?
Нечун қирғин келтирар бутун дунё аҳлига?
Нечун қулоқ солмагай Оллоҳ берган ақлига?
Айёрликда тулкидан ўтиб кетишар улар.
Тулки айёрлик қилса, разиллик қилар улар.
Ҳайвонларнинг тилини бироз ўрганиб олдим.
Тулкидай айёр десам, Ундан балога қолдим.
II
Тулки фалсафаси
Тулки дейди: “ Тўғри, мен биларман айёрликни ,
Аммо мен одамлардек қилмайман разилликни.
Болаларим асрайман, ўзим қурбон қилсам ҳам.
Ўз наслимни емайман мен очликдан ўлсам ҳам.
Аммо одамзотига ҳайрон-у лол қоламан,
Баъзида ҳайратланиб, баъзан нафратланаман.
Ахир, нима етишмас уларнинг ўзларига?
Бойлиги кам кўринар ҳар доим кўзларига.
Ахир, уларни Оллоҳ одам қилиб яратди,
АҚЛ, ИЛМни бериб, Қалбига Нур таратди.
Ахир, одамзотини Оллоҳ азиз айлаган,
Ер юзига Инсонни халифа этиб сайлаган”.
Шундай дея Тулкиой бироз хаёл сурганди:
“Ўша инсоннинг ақли агар менда бўлганда…”
Аммо дарҳол шу онда У ўзига келганди.
Ахир, қуён тушини Унга сўзлаб берганди.
Қуёнвойнинг тушини кўришни хоҳламасди,
Ҳаттоки тушида ҳам разиллик истамасди.
“Эй Аллоҳим, кечиргин, ёмон хаёллар сурдим.
Ақл менга керакмас, Сенга ношукр бўлдим.
Ўзлигим унутмасдан яшайин тинч замонда,
Мен каби гўзал ҳайвон асло йўқдир жаҳонда.
Нафсга мен берилиб, ношукрлик қилибман.
Ўзлигимни унутиб, бир дамга кўр бўлибман.
Кечиргин мени, Оллоҳ , ношукр бўлмайин ҳеч.
Сенинг қудратинг ила ризқим бордир эрта-кеч.
Яратганим, ризқингга шукр қилиб юрайин.
Тулки эдим, Тулкиман, Тулки бўлиб қолайин.
Бу қандайин жаҳолат – васвасага берилиш,
Бу қандайин разолат – ўзлигини унутиш!
Қуён олдига борсам, “Қуён эмасман”, деса.
Ўз-ўзини унутиб, ўзини ўзи еса!
Ахир – бу касаллик-ку, олдини олмоқ керак !
Тарқалиб кетмасидан чорасин кўрмоқ керак!
Бу хабарни барчага етказмасам бўлмас-ов!
Ўрмон аҳлин балодан қутқармасам бўлмас-ов!
Бунча чидаб бўлмайди, олдини олмоқ даркор.
Қарғага айтмоқ керак, хабар тарқатсин тезкор.
Шундай дея Тулкиой Қарға олдига борди.
Огоҳ этгали Қарға ўрмонга уча қолди:
“Ҳурматли, ўрмон аҳли,
Барча тезда йиғилсин!
Шошилинч бир хабар бор,
Шоҳ саройида бўлсин!”
Яшин тезликда хабар тарқаб кетди шу онда.
Барча ҳайвон жам бўлиб йиғилишди ўрмонда.
III
Доно Маймун огоҳлиги
Ҳайрон барча ҳайвонлар:
“Нима бўлди?”, дер эди.
Энг аввало сўзбоши
Доно Маймунга тегди.
“Огоҳ бўлинг, ўрмон аҳли!
Инсонга ёрдам керак.
Ахир Инсон – халифа,
Бизлар учун у керак.
Инсоният орасида
Бир касаллик тарқалган,
Яъни айрим одамлар
Ўзлигини унутган.
Яъни баъзи бирлари
Инсонлигин билмайди.
Кимлигини билмагач,
Ўзини аямайди.
Ўзини аямаган,
Ўзгани аярмиди?!
Ўзига қарамаган,
Бизларга қарармиди?!
Ўзини бошқаролмай
Бир аҳволда юришар.
Буни ҳозирда барча
Инсон аҳли билишар.
Ўта хавфли касаллик
Дунёга тарқалмоқда.
Инсон виждонин сотиб,
Ўзлигидан тонмоқда.
Шул сабабдан инсонни
Қутқариб қолмоқ керак!
Виждонини сотмасин,
Олдини олмоқ керак!
Инсонни ҳайвонотдан
Ажратиб турар виждон.
Виждонини йўқотса,
Бўлади мисли ҳайвон.
Ҳайвонлар каби инсон
Нафсин ўйлаб яшаса,
Маънавият чегарасин
Агар бузиб ташласа,
Инсон билан ҳайвоннинг
Фарқи қолмас у ҳолда,
Мувозанат бузилса,
Яшаб бўлмас у ҳолда.
Бундай тартибсизликнинг
Олдини олмоқ керак.
Лоқайд бўлмасдан бунинг
Чорасин кўрмоқ керак”.
IV
Қирол Шер қарори
Ҳайвонлар ҳам ўрмонда
Йиғилиб турар экан,
Муҳим масалаларни
Бирга ҳал қилар экан.
Шу бугунги масала
Ўзликни англаш эди.
Маймун сўзин тугатгач,
Қирол Шер шундай деди:
Вазият жуда қалтис,
Катта бир хавф келмоқда.
Яъни, инсоният аҳли
Ўзлигин унутмоқда.
Ўзликни англаш учун
Қалб кўзин очмоқ керак.
Бунинг учун уларга
Кучли руҳшунос керак.
Аввало инсонларнинг
Қалбин даволаш лозим.
Сўнг эса инсониятнинг
Ақлини чархлаш лозим.
Ақлнинг чархи – китоб.
Китоб мисоли Офтоб
Инсон қалбин ёритар,
Илм билан бойитар.
Илм икки хил бўлур:
Фойдали ва фойдасиз.
Фойдасиз илм олса,
Инсон бўлар виждонсиз.
Фойдали илмларни
Қадимда ўрганишган.
Шул сабаб қадимгилар
Ўзларини билишган.
Бугунги кунда инсон
Ўтмишин унутгандир.
Китоб ўқимасдан у
Фикрламай қўйгандир.
Инсон фикр қилмаса,
Ҳайвондан У фарқ қилмас.
Ҳайвон тўйганин билар,
Аммо У ҳеч ҳам тўймас.
Бу, ахир, фожеа-ку,
Нафсга қул бўлмоқлик!
Инсонликни унутиб,
Ўзлигидан тонмоқлик!
Бундайин фожеани
Олдини олмоқ керак !
Тезкор режа тузайлик,
Тез ёрдам бермоқ керак!
Шул сабаб инсонларга
Биз бир мактуб ёзайлик.
Ва бу мактубимизни
Дунёга тарқатайлик.
Бутун дунё аҳлини
Огоҳликка чорлайлик!
Ғафлатда ётганларни
Уйқудан уйғотайлик !
“Огоҳ бўлинг, инсонлар!
Сизларга хавф келмоқда !
Хавфнинг олдин олингиз,
Виждонни уйғотингиз.
Ақлингизни ишлатиб
Қалбингизга боқингиз.
Ҳикматларни ўрганиб
Илм нурин ёқингиз.
Бу дунёга ҳар доим
Ҳайрат ила боқингиз.
Қалбингизда, инсонлар,
Меҳр нурин ёқингиз.
Меҳр нурин таратиб,
Яшанг ёруғ жаҳонда.
Қалбингизни кенг қилиб
Ном қолдиринг оламда.
Имконингиз борида
Ўзлигингиз билингиз.
Инсонмисиз, инсонга
Хос ишларни қилингиз!”
Йиғилишнинг сўнггида
Қирол Шер қарор қилди.
Ҳайвонлар бир овоздан
Уни маъқул деб билди.
Қарор:
“Ўрмондаги жонзотлар
Ҳайвонлигин тан олсин,
“Одам бўламан”, деган
Хаёлга берилмасин.
Маънавият чегарасин
Ҳеч бир жонзот бузмасин!
Мувозанат Қонунига
Барча бирдек бўйсунсин!”
Қирол Шер бу мактубни
Қалдирғочга тутқазди.
Баҳор элчиси хатни
Манзилига етказди.