Aliya Temuriyzoda

Страна : Узбекистан

Литература – моя жизнь. Автор книг «Oq qushlar qo‘shig‘i» («Лебединая песня», 2015), «Osmon bir dunyo» («Возвышенный мир», 2015), «Qalbimdagi samo» («Небо в моем сердце», 2018) и «Maktub» («Письмо», 2018). Победительница нескольких республиканских конкурсов, четырежды финалистка Книжного Форума (в разных категориях.) Обладательница значка «Знак Узбекистана» (2017).


Country : Uzbekistan

Literature is my life. I’m author of the books «Oq qushlar qo‘shig‘i» («Swan Song», 2015), «Osmon bir dunyo» («The Sublime World», 2015), «Qalbimdagi samo» («Heaven in my Heart», 2018) and « Maktub» («Letter», 2018). Winner of several republican competitions, four times finalist of the Book Forum (in different categories.) The owner of the badge «Badge of Uzbekistan» (2017).


Отрывок из сборника “Мағлуб нурлар”

Дайди

(отрывок)

VI

Умид билан келдим юзма-юз, 

Яланг оёқ, бошим ҳам эгик. 

Тезроқ уйғон, тезроқ ён, Қақнус – 

Қанотимга ямоқларни тик…

Гарчи, хуш кайфиятда уйдан чиққан бўлса-да, Шодия анча дилгир қайтди. Кўчалар, кўз юмиб юргулик даражада таниш кўчалар, уйигача масофа жуда узун туюлди. 

«Маҳзун бўлма! Керагидан ортиқ ғам чекиб бўлдинг. Ўзингни қўлга ол! Сени олдинда табассумли кунлар кутяпти!» 

Қанчалар қатъият билан бу сўзларни ўзига таъкидламасин, ҳар гал она ҳақида ўйлаганида, кўнглини маҳзун ўйлар исканжага оларди. 

Тушкун кайфиятдан чиқишнинг йўлини топа олмагач, кутилмаганда, Маъсумани меҳмонга чақириш фикри ялт этиб хаёлига келди. Охирги марта уйига кўп йиллар аввал Дилрабо исмли курсдоши – университетдаги энг яқин дугонаси келган эди. Шундан буён бирор меҳмон оралаган эмас. Нақадар даҳшатли ёлғизлик, шундай эмасми? 

Уйга келгач, хорғин кайфият билан ичкарига кирди, кийимларини алмаштиришга шошилмади, пардозини ювмади. Одати бўйича сим каравотга ўтирди-ю, телеграмга кирди. Маъсума тармоқда эмас эди. Шодия салом билан хабар ёзди: 

«Ассалому алайкум, яхшимисиз, опа? Бугун ҳаётимда бир-икки ўзгаришлар қилдим, бунда сизнинг ҳиссангиз катта. Сиздан чексиз миннатдор бўлган ҳолда, уйимга меҳмонга таклиф қиламан. Келсангиз, хурсанд бўламан, кўп йиллардан буён уйимга меҳмон келмайди…» 

Манзили ҳам кўрсатилган хабарни ёзиб бўлгач, уйни тартибга келтиришга, дастурхон тузашга тушди, кеч тушиб улгурмай, уйи яқинидаги мини маркетга тушиб келди. Ширинликлар, аччиқ-чучуклар, дегандай… 

Оқшом чўкканда Шодиянинг палови дамда бўлди, эшик қўнғироғи ҳам босилди. 

– Кетяпман, – Шодия остонадаёқ ўша кунги, оналарга хос ифорни, қадрдонликни ҳис қилди. Эшикни очиб, меҳмонларга кўз ташлади: Маъсума, қўлида чақалоқ, яна дўкондаги акаси, уч-тўрт яшар қизалоқни етаклаб олган. Қизалоқ кўпроқ Маъсумага келишиб кетади, гарчи, ака-сингил бир-бирига ўхшаш бўлса-да, уларни фарқлаб турадиган жиҳатлар борки, худди ўхшашликдаги каби, фарқлиликни ҳам шарҳлаш имконсиз. 

– Ассалому алайкум, хуш кепсизлар! Қани, ичкарига марҳамат. Айбга буюрмайсизлар, уй торгина, лекин кўнгилни кенг қилиб, меҳмонга чақирдим…

Маъсума уни эшитмаса-да, лабларига қараб туриб, нима деяётганини англаб олишга уринар, қизни бағрига босиб, кўришарди. Шодия уларни ичкарига таклиф қилди – ошхона орқали кичикроқ айвонга ўтдилар. Ерга кўрпачалар тўшалган, кичик хонтахта устида камтарона дастурхон безалган. Улар қўлларини ювгунча Шодия чақалоқни кўтариб турди. Ундан шунақанги хушбўй ҳид келардики… 

Дастурхон атрофига ўтирдилар. Ғалати, бироқ, ёқимли бир ҳис бутун уйни чулғаб олган-у, Шодия бундан сарҳуш эди. Суҳбатлашай, деса, гап топилмайди, айтажак сўзлари бари Маъсуманинг акаси «таржимаси»дан ўтади. Овқатланиш, чойлашиш асносида икки «дугона» тинмай бир-бирларига жилмаядилар, кутилмаган жойдан топилган қадрдонлик сабаб, севинаверадилар. 

Шундай табассумҳадялар давомида Маъсума жимгина ўтирган акасига бирров қараб олди. Акаси улардан гоҳ унисини, гоҳ бунисини кузатар, бундай забонсиз тилда ўтаётган суҳбат мазмунини англолмай, ҳайрон эди. Маъсума акасига яна бир қаради ва нигоҳини тутиб олиб, ишора билан ўз тилида нималардир деди. Шодия англолмай, уларга қараб туриб, ўзлари маълум қилишларини кутди. 

– Шунча пайтдан буён суҳбатларингизни бир-бирингизга таржима қилиб берибман-у, ўзимни таништирмабман, – деди ака ниҳоят. – Исмим Муҳаммадзиё. Ўттиз уч ёшдаман. Шу синглимнинг сояси бўлиб, ҳамма жойда бирга олиб юраман. Куёв кўпинча ишда бўлади, ҳозир эса синглимнинг операциясига тайёрланяпмиз, шу ишлар билан банд бўлиб юрибди… 

Маъсума яна нимадандир норози бўлгандек, асабий ишоралар билан гап ўргатди. 

– Шоирлигингизни ҳам айтинг, китобларим чиққан, денг, деяпти, – мийиғида кулди у. – Ҳозир ёнимда йўқ эди, иккита китобчам чиққан, мақтанишга арзимайди. Бирор пайт сизга совға қиларман. 

– Хурсанд бўлардим, – қиз ҳам табассум билан жавоб қайтарди. – Мен Шодияман. Кийимларни кимёвий тозалаш марказида ишлайман, у ерда дўконимиз ҳам бор… Яъни, раҳбариятники, мен оддий ходимман. Баъзан, тозаланган кийимларни манзилига етказиб ҳам берамиз. 

Суҳбат бундан ортиқ давом этмайдиган кўринди. Сўзлашадиган сўз қолмаган эди. Шунда Шодия Муҳаммадзиёдан бирорта шеърини айтиб беришни сўрашга жазм этди:

– Шоир бўлсангиз, бирор шеър айтиб берарсиз?

Муҳаммадзиё бир зум қайси шеърини ўқишни билмай, ўйланиб қолди. Ҳар ҳолда, Шодия шундай ўйлади. Ҳамма шоирлар ҳам шундай, албатта, бирор энг яхши кўрган шеърини айтади, ёки ҳеч бўлмаганда, уни айтиб беришнинг ўрними ёки бошқа бирор муқобил йўл устида ўйлаб кўриш керакми – таҳлил қилишга вақт сарфлайди. Ниҳоят, қайси шеърни айтиш борасида бир қарорга келди шекилли, бир Маъсумага, бир ёнидаги қизалоққа, сўнг Шодияга қараб олди. Шеърни бошлар экан, синглиси учун бармоқларини сеҳрли ўйнатиб, таржима ҳам қилиб берарди: 

Пари қизки, ой юзлари оппоқ-оппоқ, 

Кўзларининг юлдузлари оппоқ-оппоқ.

Мунг сочилган булут бўлиб осмонига, 

Тушларининг кундузлари оппоқ, оппоқ… 

Нигоҳига бир тушдим-у, музлаб қолдим, 

Тонгларидан қуёшларни излаб қолдим. 

Қор қоплади хаёлимнинг йўлларини –

Сочларида хўп қоқилдим, тизлаб қолдим…

Йўл топсам-у, дунёсига қуёш ёқсам, 

Кўзёшига бирор меҳригиёҳ топсам, 

Қор малаги, ҳадикдаман, эриб кетса – 

Тафт олсин, деб қўлларидан бехос ўпсам…

Пари қизки, юраги қор, оппоқ, оппоқ…

– Бунча чиройли шеър бўлмаса? Яхши ёзаркансиз… 

– Раҳмат. Бунданам яхшиларини ёзишим мумкин. Янги китоб чиқармоқчи бўлиб юргандим, лекин ҳозир ҳамма нарса Маъсуманинг операциясига қараб турибди. Шунинг учун бу ниятимни маълум муддат ортга суриб туришимга тўғри келяпти… 

– Илоҳим, ҳаммаси яхшилик билан охирига етсин! 

Шодия ўйга чўмиб қолган Маъсумани кўриб, ҳайрон бўлди, сабабини тушунолмади. 

«Қизиқ, нималарни ўйлаяпти экан? Балки, у билан суҳбатлашмай, акасидан шеър сўраганим оғир ботгандир? Нотўғри тушунгандир? Йўғе, Маъсума опа ўта самимий, очиқкўнгил аёл. Ахир акасининг шоирлигини, шеър ёзиб туришини айтишини ўзи истади-ку, ўзи қистади-ку? Йўқ, унинг кўнглида бошқа гап бор, ва, эҳтимолки, менга умуман алоқадор эмас. Балки, операция билан боғлиқ бирон гап бўлиши мумкиндир, балки, бу ҳақда мен билишимни истамагандир?..» 

Маъсума ҳам хаёлнинг минг бир кўчасига кириб-чиқарди. 

«Акамга нима бўлди? Бу қизни деярли танимаса, кўзига бир қараб, шеър тўқиб ташладими? Мухлислиги, дарди борлиги ўз йўлига. Лекин у акамнинг эътиборини тортиши… Бу бўлиши мумкин эмас, акам эсини еб қўйган кўринади! Бу қизни ҳали билмаймиз, феъли, ҳаёт тарзи бизга номаълум. Пок-нопоклиги ҳам…» 

Табассумлашувлар салқин қарашларга алмашган, хонада ноқулай жимжитлик ҳукмрон бўлиб олган эди. Маъсума бу ерда қолишни истамади, кеч тушиб қолгани баҳонаси билан қайтишга чоғланишди. 

– Ҳали ўтирардинглар… Ёлғиз эмассизлар-ку ахир… 

– Кеч бўлди, куёв хавотир олади, болалар ҳам биз билан… – синглисини уринтирмай, вазиятни силлиқлашга уринди. 

Шодия бу шошилувнинг боисини билмаган бўлса-да, ўзидан бирон гумон қилмади, лекин барибир кўнглининг бир чеккасида холдеккина хижиллик қолди. 

***

Маъсума машинанинг орқа ўриндиғида борар, ҳамон минг турли ўйлар кўчасида кезиб юрарди. Акасини сўроққа тутай, деса, иложи йўқ – рульда, чалғитиб бўлмайди. Уйга етиб боргунча аранг сабри чидади. Акасини кузатди – хаёли жойидага ўхшайди, яна бир паришон кўринади… 

«Ҳа, тан олиш керак, Шодия жуда чиройли қиз экан. Феъли қандай экан? У билан бор-йўғи икки марта кўришдим холос. Лекин бу қадар дилгир ва ёлғизликка тамоман банди бўлган одамни умримда кўрган эмасман. Сўзлаганида, овозидаги қатъият билан ўзини кучли кўрсатишга уринаркан. Танийверай-чи, билавераман аслида ким эканини…» 

Муҳаммадзиё синглисининг уйига кирмай, дарвоза олдидан қайтди. Йўлда ўтган салкам бир соат вақт давомида синглисининг саволли нигоҳларини кўрмаган бўлса-да, ўқдек санчилаётганини ҳис қилиб келди. 

У бугун бўлмаса, эртага Маъсуманинг саволларига тутилишини билади. Аёллигига боради-да, ҳис-ҳаяжон билан ҳар нарсани ўйлайди, пашшадан фил ясайди. Шу феъли ҳеч ўзгармади-да!

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (20 оценок, среднее: 4,10 из 5)

Загрузка...