Zulkhumar Kendjayeva

Страна: Узбекистан

Я, Кенджаева Зулхумар Хамдамовна, родилась в 1972 году в Канимехском районе Навоийской области Республики Узбекистан. Пошла в школу в 1979 году, закончила в 1989 г серебряной медалью. С 1989 по 1994 гг. училась в САМГУ (Самаркандский Государственный Университет). С 1994 по 2015 г. работала учительницей в школе №9 города Учкудука. Я учительница 1-ой категории узбекского языка и 2-ой категории русского языка. Имею семью: муж и двое детей. Старшая дочь студентка, а младший сын ученик. В настоящее время занимаюсь творчеством, пишу стихи, рассказы, эссе. С 2015 года путешествуем по Узбекистану. Люблю читать произведения великих мыслителей. Мой любимый поэт Алишер Навоий.

Country: Uzbekistan


        Ёлғизнинг ёри – Оллоҳ  ёхуд ёлғиз она қисмати

  Она – бу ёш болалар тили ва қалбидаги Тангрининг номи.

                                                                                                                           ( У.М.Теккерей

    Сизни билмадим-у, аммо мен иккимиз икки жойда яшаётганимиздан буён ярмимни йўқотиб қўйгандайман. “Эр-хотин  икки танда бир жон бўлишади”, деган гапни эшитганимда маъносини англаб етмаган эканман. Менинг ярим жоним сизда, сизнинг ярим  жонингиз менда эканлигини англаб етганимда эса кеч бўлганди…

   Ҳаётимнинг бундай бўлишида мен ҳеч кимни айбламайман. Барча  банда гуноҳкор, Аллоҳ,

фақат ёлғиз Аллоҳ беайбдир. Айбу нуқсондан пок бўлган Аллоҳ гуноҳкор бандаларини кечирар экан-у, аммо биз гуноҳкор бандалар бир-биримизни кечира олмас эканмиз.   Аллоҳ Таоло гуноҳкор бандасига имкон берар экан-у, аммо биз бандалар бир-биримизга бундай имконни бермас эканмиз. Яратган бизнинг нолаларимизни куну-тун тинглар экан-у, аммо биз бандалар бир-биримизни тинглай олмаймиз, тинглашга сабримиз етмас экан. Бизлар  сабрсиз, ношукр эканлигимизни қалб кўзим очилганидан сўнг англаб етдим. Бунда менга Яратганнинг Ўзи ёрдам берди. Яратган бир бандаси орқали бошқа бир бандасига ҳамиша мадад беришини мен ўзлигимни англагандан сўнг тушуниб етдим.

     Мен аввалига сизни қарғадим, cизга дунёдаги бор ёмонликларни тиладим, чунки жуда ҳам жаҳлим чиққанди.  “Жаҳл чиқса, ақл кетар” деб бежизга айтишмаган экан. Ҳа, мен ақлимни йўқотган эдим, ҳаттоки яшашни истамасдим, ўз жонимга қасд  қилмоқчи ҳам бўлдим, аммо ўша онда ўғилчамнинг тикилиб турган беозор, ўткир нигоҳи мени тўхтатди. Мен уни бағримга босиб, ўксиб-ўксиб йиғладим, дардларим бироз енгиллашгандек бўлди, шунда  ичимга нур кирганини ҳис қилдим.

     Мўъжиза!  Ўзимни қушдек енгил ҳис қилдим. Мўъжиза!  Мен ўзимни эшитдим.

     Мўъжиза!    Ичимдаги овоз шундай дер эди:

       ”Эй ношукр, қалби кўр инсон! Қандай қилиб  ўз жонингга қасд қилмоқчи бўлдинг?

Худо бўлмоқчимидинг?! Сен ҳукм чиқарувчимисан?! Наҳот кимлигингни билмайсан, инсон?

Сен ахир бандасан,азиз неъматсан.  Сен, ахир, – аёлсан, сен- Мўъжизасан. Сен – онасан,

муқаддас  саждагоҳсан,  сен- дунёдаги энг буюк зотсан!  Нечун ўзингни танимай қолдинг?

Нечун ўзингни тинглай олмадинг?    Сабаби, сен “Мен”и унутиб қўйдинг!

  “Мен”- ахир  аслингман, сенинг Қалбингман, сенинг  Борлиғингман, сенинг ўзингман.

“Мен”- сенинг Иймонинг, сенинг Виждонинг,  “Мен”-сенинг Оламинг, сенинг Раҳмонинг.

Эй инсон,қалбингга сен қулоқ солгин! Ҳамиша виждонинг амрини қилгин! Сен ёлғиз эмассан,

эй аёл, билгин!   Сен билан биргаман,  доим ёнингда, сенинг юрагингда,  сенинг қалбингда.

 “Мен” – сенинг Севгингман, сенинг Меҳрингман, сен-ла  бирга юрган сенинг Руҳингман”.

    Бу овоздан бутун танам ларзага келди, сўнг вужудимни  бир титроқ босди. Бу овоз мени ўйга толдирди, фикр юритишга мени ундарди. ”Ўзингни  англа!”, дерди бу сирли овоз, гўё чалинарди ажойиб бир соз. Бу ҳолатни сўз билан таърифлаб  бўлмас, дард чекмаган инсон буни англамас…

     Шунда мен   оналигимни, фарзандим  учун масъуллигимни англаб етдим.

Мен сизга энди ҳеч қачон ёмонлик тиламайман, инсон қандай қилиб ўзига ёмонлик тилаши мумкин?! Ахир, мен – бу сиз, сиз эса – бу мен, ўғлимиз эса  иккимизни боғлаб турган ришта-ку! Бу риштани Яратганнинг Ўзи боғлаган экан, бандаси уза олмас.

Оллоҳ Таоло икки яримни қўшиб бутун  бир оилани барпо этаркан. Икки ярим қўшилиб, ундан бир  бутун инсон дунёга келаркан. Ахир, бу мўъжиза эмасми? Одамлар эса мўъжиза кутиб яшайдилар, ўз қалбини тингламай, мўъжизалигин англамай.

Бир томчи сувдан инсон пайдо бўлиши, унинг ёруғ дунёга келиши, бола туғилгач, она кўкрагида сут пайдо бўлиши, йилдан йилга гўдакнинг ўсиб – улғайиши: тишлари чиқиши,  сўзлай билиши, юра олиши – булар барчаси Аллоҳнинг мўъжизаси-ку! Дунёнинг яралиши, Ой ва Қуёшнинг борлиги, осмону-юлдузлар, жонли, жонсиз табиат – буларнинг барчаси мўъжиза эмасми? Яна қандайдир мўъжизани излаб яшаймиз. Мўъжизага фақат болаларгина ишонишади. Улар эртакни яхши кўрадилар, чунки эртакда мўъжизакор нарсалар кўп бўлади, эзгулик ҳар доим ёвузлик устидан ғалаба қозонади. “Эртаклар  – яхшиликка етаклар”, деб бежизга айтилмаган. Эртак эшитган бола ҳар доим эзгулик истаб яшайди.

     Мен фарзандимизга ҳар кеча эртак айтиб бераман. Эртак, аслида, бу катталар англаб етмаган, аммо  кичик болажонлар англай оладиган ҳақиқатдир. Эртакдаги учар гиламлар – ҳозирги самолётлар, бутун оламни кўрсатувчи ойна – бу телевизор, компьютер, мобил телефони. Олтин балиқ – бу Илоҳий Қудратдир. Эртак тинглаб катта бўлган бола  ҳар бир нарсадан ибрат олишни ўрганади, дунёга ҳайрат кўзи билан боқади. “Ҳайратланиш – бу донишмандликнинг бошланишидир”, деган экан файласуфлардан бири.

     Ҳозирги таҳликали даврда фарзандимни қийинчиликларга бардош бера оладиган, ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган, ўз фикрини бемалол, қўрқмасдан айта оладиган, яъни  бандасидан эмас, фақат Яратгандангина қўрқадиган инсон қилиб тарбиялашим керак. Фарзандимга фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқни ўргатаман. Энди  менинг ҳаётда орзуларим кўп . Мана шу орзуларни амалга ошириш учун ҳам яшашим керак. Ҳаёт – бу кураш майдонидир. Мен бу курашда, албатта, ғолиб бўламан. Сабаби, ҳалоллик – шиоримдир. Сабаби, менинг ёнимда  фарзандим – фариштам, париларим – ота-онам бор. Сабаби, барча сабабларнинг Сабабчиси бўлган буюк Қудратим, қалбимда Оллоҳим бор. Яратганга минг шукр, жаннатмакон, тинч, осуда, озод ва обод диёрда яшаяпман.

Бундан ортиқ бахт борми дунёда!

        Бу дунёни бир кам дунё, дейдилар. Демак, мен учун  дунёнинг камлиги – Сизнинг ёнимда эмаслигингиздир. Ёнимда бўлмасангиз ҳам, бу дунёда бор бўлинг, майли,бошқа ёрга ёр  бўлинг. Ўша ёр сизга, сиз эса ёрингизга бир умр вафодор бўлинг, оилангиз устуни бўлинг, оила аталмиш муқаддас масканни сақлай билинг. Оила – бу кичик бир давлат, дерлар. Иккинчи бор давлатингиз бузилмасин, иккинчи бор эр-хотинлик ришталари узилмасин. Сизга бўлган тилакларим самимий-дир. Гарчи, сиз ишонмасангиз ҳам, Яратганнинг  ўзи бунга гувоҳдир, чунки ҳар банданинг қалби ёлғизгина Оллоҳга аёндир. Оллоҳимдан сизга бахт тиларман. Бахтга қўшиб омадингизни берсин. Аслида барчамиз–омадлимиз.Омад – бу дунёда инсон бўлиб туғилишдир.Фақат бизлар инсондек

яшашни билмадик, севгимизни асрамадик, бир-биримизни қадрламадик…

Иккинчи ёрингизни қадрига етиб яшанг, фарзандларингизни авайлаб  асранг.

    Мен эса сизни севиб яшайман, ўз севгимни қалбимда кўмиб яшайман. Мен сизни ҳеч қачон унутолмайман. Сизни унутиш  бу – ўзни унутишдир. Ахир, ўзлигимсиз яшай олмайман.

Мен эса яшашни истайман. Севгисиз яшаб бўлмас. Севги – бу илоҳий неъмат. Унга далил, исбот керакмас, унга гўзал сўз ҳам керакмас. Севгига фақат ишонч керак. Инсон севган ёрига ишониши керак. Шоир айтганидек:

         Агар ўзингни билгандек билсанг ёрингни,

Агар ўзингни севгандек севсанг ёрингни,

                                              Ўзингга ишонгандек ишонсанг унга,

                                               Шунда йўқотмайсан номус – орингни.

 

 

1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (2 оценок, среднее: 4,50 из 5)

Загрузка...